Ўзбекистон кубоги финалчилари аниқ бўлди
Спорт
−
26 Сентябрь 6772
Кеча, 25 сентябрь куни Ўзбекистон кубогининг ярим финал баҳслари бўлиб ўтди. Муросасиз кечган икки ўйин ҳам 120 дақиқа давом этди.
“Бухоро” ва “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги учрашув драматик тус олди. Баҳснинг 16- дақиқасида Доминик Бегич бухороликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 28-дақиқада Фране Икич таблодаги фарқни иккитага етказиб қўйди. Ўйиннинг 1-бўлими шу ҳисобда якунланди. 2-бўлимда жиззахликлар камбэк амалга оширди. Дастлаб, 72-дақиқада Жасур Жалолиддинов ҳисобдаги фарқни қисқартирган бўлса, 89-дақиқада Филип Иванович мувозанатни тиклади. Жамоалар шу тариқа экстра-таймларга йўл олди. Муросасиз кечган ўйиннинг 117-дақиқасида Нодир Аҳмаджонов гол уриб, “Бухоро” ғалабасини таъминлади. Якунда кўҳна шаҳар жамоаси ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубоги финалига йўл олди.
Иккинчи ярим финал баҳси пойтахтнинг “Пахтакор” ва Самарқанднинг “Динамо” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Икки жамоа футболчилари учун ҳам оғир кечган баҳсда 120 дақиқа давомида ҳисоб очилмади. Ўйин пенальтилар сериясигача давом этди. Серияни “Динамо” вакили Марко Станоевич бошлаб берди ва дарвоза тўсинини пойлади. “Пахтакор” ҳужумчиси Игор Сергеев эса зарбани аниқ амалга ошириб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Самарқандликлар сафида Жумабоев гол уриб, жамоасига умид бағишлади. Шунингдек, Абдурауф Бўриев “Пахтакор”нинг навбатдаги имкониятини голга айлантирди. Бироқ Анвар Ҳожимирзаевнинг зарбасини дарвозабон қайтарди ва бу “Динамо”нинг сериядаги охирги зарбаси бўлди. “Шерлар”нинг сериядаги якуний зарбасини Ҳамдамов голга айлантириб, жамоаси учун финал йўлланмасини таъминлади.
Энди Ўзбекистон кубоги финалида “Бухоро” ва “Пахтакор” куч синашади. Ушбу ўйин Андижондаги “Бобур арена”да ўтказилади.