Ўзбекистон Конституциясига 29 йилда нечта қўшимча киритилган?

Бу қизиқ

image

Бугун, 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганига 29 йил тўлди. Шу вақтгача мамлакат бош қомусига 16 марта ўзгартириш киритиб бўлинган.

Ўтган 29 йил давомида Конституцияга қуйидаги ўзгартиришлар киритилган:

1993 йил 28 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 77-моддаси 1-қисмидаги “150 нафар депутатдан” деган сўзлар “депутатлардан” деган сўз билан алмаштирилди;

2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра ҳамда унинг асосида 2003 йил 24 апрелда қабул қилинган Қонунига мувофиқ,  Конституциянинг  XVIII, XIX, XX, XXIII бобларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган;

2007 йил 11 апрелдаги Қонун билан  Конституциянинг 89-моддасига, 93- моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига тузатишлар киритилган;

2008 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 77-моддаси биринчи қисмига ўзгартиш киритилган;

2011 йил 18 апрелда қабул қилинган Қонун билан  Конституциясининг 78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;

2011 йил 12 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 90-моддаси иккинчи қисмига тузатиш киритилган;

2014 йил 16 апрелда қабул қилинган Қонун билан  Конституциянинг 32, 78. 93, 98, 103 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;

2017 йил 6 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110 ва 111-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;

2017 йил 31 майда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 80, 93, 108, ва 109-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;

2017 йил 29 августда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 99 ва 102-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;

2018 йил 15 октябрда қабул қилинган Қонун билан 105-модданинг биринчи қисмидаги “икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини” деган сўзлар “раисни (оқсоқолни)” деган сўзлар билан алмаштирилган;

2019 йил 18 февралда қабул қилинган Қонун билан 80 ва 93-моддаларига ўзгартириш киритилиб, Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизмати деб юритила бошланди;

2019 йил 5 мартда қабул қилинган Қонунга асосан 79,  93 ва 98-моддаларга ўзгартиришлар киритилган;

2019 йил 4 сентябрда қабул қилинган Қонунга асосан сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан 96 ва 117-моддаларга ўзгартиришлар киритилди;

2021 йил 8 февралда қабул қилинган Қонунлар билан 117-моддага сайловларни октябрь ойида ўтказишга оид, шунингдек, 7, 33, 85, 86, 93, 98, 100-моддаларга қонунчилик ҳужжатлари тушунчаси билан боғлиқ, 107-моддага суд тизими ислоҳотлари билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилган.

Маълумот ўрнида, дунёда илк бор АҚШда 1787 йилда Конституция қабул қилинган. Ўтган 234 йилда Америка бош қомусига 27 марта ўзгартириш киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Конституция

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг