Ўзбекистон қуёш панелларига 15 млрд пул сарфламоқчи. Умидимиз қуёшданми?
Таҳлил
−
24 Февраль 2023
12204Ўзбекистоннинг энергия соҳасидаги муаммолари тобора чуқурлашиб бораётгани сабаб, мамлакат ўзининг бор ресурсларини тежашга ҳаракат қилмоқда.
Хусусан, январь ойи давомида республикада кузатилган аномал совуқ вақтида Энергетика вазирлиги режасига кўра:
1. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига чекловлар киритилди;
2. Йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилди;
3. Энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилди ва тежалган 11-12 млн кВт-соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилди;
4. Маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланган графикларга асосан аҳоли хонадонларига сарфланадиган электр энергиясига қисқа муддатли чекловлар киритилди;
5. Истеъмолчиларга кунлик кўмир етказиб бериш ҳажми 5000 тоннадан 8000 тоннага оширилди.
Мазкур чекловлар ўрнатилганига, маълум чоралар кўрилганига қарамай, қишнинг энг совуқ кунларида ўзбекистонликлар, ҳатто, пойтахт аҳолиси ҳам мамлакатнинг энергия инқирозида эканини ўз танасида ҳис қилди.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш масадида Президент Шавкат Мирзиёев кескин чоралар кўрилишини айтиб, ўша кескин чораларни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда кейинроқ ишга тикланган Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевни лавозимидан озод этишдан бошлади.
Шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 2023 йилга оид давлат дастурига кўра, табиий ресурсларни тежаш мақсадида 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларига қуёш панели ва иссиқ сув коллекторини ўрнатиш мажбурияти юклатилди ҳамда 2026 йилга қадар ташкилотлар бинолари энергия истеъмолининг 60 фоизи “яшил энергия”га босқичма-босқич ўтказиладиган бўлди.
Қолаверса, Президентнинг 15 февралдаги “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томларига қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланди.
15 февраль куни, шунингдек, Энергетика вазирлиги Хитой компанияси ва Ўзбекистон ўртасида меморандум имзолангани ҳақида хабар қилди. Унга кўра, республиканинг Қашкадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қуриладиган бўлди.
Хўш, нима учун “гази учта Ўзбекистонни боқа оладиган” мамлакат ўзининг энергетика соҳасидаги муаммоларини қуёш билан ҳал қилмоқчи?
Умидимиз қуёшданми?
Ўзбекистонда яшил энергетика – қуёш ва шамол сингари қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишдаги саъй-ҳаракатлар бундан бир неча йиллар олдин бошланган. Масалан, Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ниҳоятда катта салоҳият мавжуд бўлишига қарамасдан, қуёш ва шамол сингари қайта тикланувчи энергия манбаларининг имкониятларидан тўлиқ даражада фойдаланилмаётгани танқид остига олинган эди. Аммо амалга оширилиши керак бўлган ишлар йилдан-йилга кечиктирилди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистоннинг “энергетик сакраш” борасидаги режаларига эътироб қаратиб, бунда қуёш ва шамол станцияларининг аҳамиятини таҳлил қилиб чиқди.
У Президент Шавкат Мирзиёевнинг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2023 йилда қуёш ва шамол панелларига жами 15,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилишини эслатиб ўтган.
Шу билан бирга, бу ҳужжат эълон қилинганидан буён режаларнинг асосланганлиги, бозорга мувофиқлиги ва иқтисодий афзаллиги борасида ҳеч бир чиқишлар кузатилмаётганини танқид остига олган.
Давлат фуқароларни алдаяптими?
“2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Отабек Бакиров, нақ 10 та, умумий қиймати 5,7 млрд долларлик қуёш станцияларининг ҳали инвестори аниқланмаганидан ҳайратда эканини айтган.
Унинг таъкидлашича, бунда ҳатто қуриладиган қуёш станцияларининг аниқ манзили ҳам белгиланмаган.
“На инвестори, на манзили аниқ бўлган 10 та лойиҳада 6,2 МВт қувватда электр генерация қилиниши керак. Бу ҳазилакам эмас. Қандай қилиб, ҳеч бир асосий параметри, электр таннархини айтмай қўя қолай, аниқ бўлмаган лойиҳалар ҳужжатга киритиб юборилди? Эътиборлиси, инвестори йўқ лойиҳаларга масъул қилиб Ўзавтосаноат раиси Умрзоқовдан тортиб, Ўзбекистон Темир йўллари раҳбари Ҳосиловгача масъул қилинган. Сиз уларни ким эканини ва топшириқларни амалда қандай бажаришини жуда яхши биласиз. Эртага бунга ким жавоб беради, дейилганда кўрсатиш учун улар қулай бўлса керак”, деган иқтисодчи ўзининг Telegram саҳифасида.
Шунингдек, у “истиқболли” экани айтилаётган лойиҳалар ҳам кўплаб саволларни келтириб чиқараётганини қўшимча қилган. Бунга мисол тариқасида эса Швейцариянинг Tepelen Group AG компанияси қуриши керак бўлган умумий қиймати 2 млрд долларлик учта қуёш станциясини кўрсатган.
Бакиров Tepelen Group AG компанияси бундан бир ой аввал имзоланган ҳужжатда Швейцария эмас, БАА компанияси сифатида кўрсатилганидан, энг асосийси, Tepelen Group AG 2 млрд долларлик эмас, 30 млн долларлик жуда кичик бир станция лойиҳасига жалб этилганидан ажабланганини яширмаган.
“2023 йилда фақат 5 млн доллар инвестиция ўзлаштирилиши керак, холос. Худди шу каби мулоҳазаларни қарорга қўшилиб қолган 400 млн долларлик Gezhouba (Хитой), 300 млн долларлик СС7, 800 млн долларлик Total Eren (Франция) лойиҳаларига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Инвестор дея кўрсатилган бу компанияларнинг лойиҳалари ҳақида амалда ҳеч нарса маълум эмас.
Саволлар етарлича ва уларга кейин, кеч бўлганида эмас, бугун жавоб берилиши керак, хатолар бугун бартараф этилиши зарур”, деган иқтисодчи Отабек Бакиров.
Қолаверса, у 15 февраль куни Энергетика вазирлиги Хитойнинг CEEC компанияси Ўзбекистоннинг учта ҳудудида умумий қуввати 2 ГВт бўлган қуёш станцияларини қуриши ҳақида эълон қилганига тўхталиб, “Huaneng renewables Corporation” ва “Poly Technologies” компаниялар консорциуми билан умумий қиймати 4 млрд долларлик, йилига жами 10,2 млрд кВт⋅соат электр ишлаб чиқариладиган лойиҳалар ҳақида анонс берганини эслатди.
“Лекин бу ҳеч бир тендерсиз ва алоҳида ўрганишларсиз, шошилинч маъқулланаётган лойиҳалар бўйича ҳам умумий рақамлардан бўлак ҳеч бир ахборот очиқлангани йўқ. Эслатиб ўтамиз, бундай лойиҳалар узоқ муддатга кафолатли сотиб олиш шартларида реализация қилинади. Айтайлик, мазкур Хитой лойиҳалари бўйича 2 цент қимматроққа лойиҳа тузилса ҳам, бу йилига 200 млн доллардан қимматроқ тўлаш керак бўлади”, деган у.
“Ҳамма рақсга тушсин!”
Мирзиёев қуёш панеллари тўғрисидаги қарорни имзолаганидан сўнг, вилоят ҳокимлари аҳоли вакилларини қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлаётгани ҳақида хабарлар ижтимоий тармоқлар орқали урчий бошлади. Бундай “команда”лар айниқса, Президентнинг вилоятларга ташрифи олдидан авж олмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакиров бунга ҳам тўхталиб ўтди.
“36 686 хонадонда ҳам умумий қуввати 182,1 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиши керак. Бунга ҳеч ким сайламаган ва худо бас келмаса, ҳеч ким бас келмайдиган ўзбек ҳокимлари масъул қилиб белгиланган. Эгаси итга, ит қуйруғига дегандек, ҳозир ҳокимлар бу ишга банклар ва тегишли ҳудудлардаги ташкилотларни мажбурламоқда. Яна қиймат, таннарх ва афзаллик ўлчовлари номаълум.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 майдан бошлаб янги қурилган 765 кўп қаватли уйда умумий қуввати 15,3 МВТли панеллар ўрнатилиши, бунинг харажати эса уй-жой қурувчилар ва хонадон эгалари зиммасида”, деган у.
Унинг айтишича, 20 320 ижтимоий соҳа ва давлат идораларида жами қуввати 219,4 Мвт бўлган панеллар ўрнатилиши керак. Қиймати кўрсатилмаган бу харажатлар эса катта эҳтимол билан бюджетдан қопланади.
“Кечагина Тошкент шаҳридаги 1 103 та бюджет ташкилотига қуёш панеллари ўрнатиш учун жами 415 млрд сўм ажратилган. Бу фақат бошланиши. Ҳаммаси бўлиб 7 977 та объектга қуёш панеллари ўрнатилиши керак. Шундан ўлчов олинса, пойтахтнинг ўзида жами 3,2 трлн сўм бюджети пули панелларга сарфланади. Қайтарамиз, афзаллик, нисбий афзаллик, қиймат ва бир киловатт электр таннархини ҳеч ким ҳисоблаётгани йўқ”, дейди у.
Мустақил тадбиркорлар мустақил эмасми?
Отабек Бакиров тадбиркорлар ҳам “компания”дан четда турмаслигини қайд этиб, йил давомида хусусий тадбиркорларга 11 019 та объектда 742,7 МВтлик панеллар ва 227та объектда 555,4 МВт қувватлик кичик қуёш станциялари барпо этиш талаби қўйилганини қўшимча қилган.
“Бу вазифа давлат банкларига, хусусан, кечагина хусусийлаштирилгани эълон қилинган Ипотека банкига топширилган. Йўналтириладиган кредит маблағлари ҳажми номаълум. Панелларга йўналтириладиган кредитлар шунчалик даражада катталигидан Марказий банк риск даражасини ноллаштиришни таклиф этмоқда ”, дея ўз таҳлиллари билан бўлишган Бакиров.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь