2023 йилнинг 1 сентябридан давлат ташкилотлари қуёш панелига ўтиши шарт
Жамият
−
11 Февраль 2023
86242023 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларига қуёш панели ва иссиқ сув коллекторини ўрнатиш мажбурияти юклатилади ҳамда 2026 йилга қадар уларнинг бинолари энергия истеъмолининг 60 фоизи “яшил энергия”га босқичма-босқич ўтказилади.
Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида назарда тутилган.
Унга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида 2023 йилда энергия истеъмолининг 30 фоизини “яшил” энергияга ўтказиш ҳисобига 448,7 млн кВт.соат электр энергияси, 2026 йилда эса 60 фоизини ўтказиш ҳисобига ўртача 897,4 млн кВт.соат электр энергиясини иқтисод қилиш имконияти яратилади.
Дастурда энди муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тизимини жорий қилиш учун шароит яратилиши айтилган. Хусусан, қуввати 20 кВт ва ундан паст бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларини паст (0,23-0,4 кВ) кучланишли электр тармоқларига улаш учун техник шарт олиш талаб этилмайди.
“Натижада, қуввати 20 кВтгача бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини тармоққа улаш учун техник шартлар олиниб, шартнома тузиш тартиботлари мавжуд. Ушбу тартиб ишга тушгандан сўнг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатмоқчи бўлган жисмоний шахсларга қулайлик яратилади”, дея таъкидланади дастурда.
Қолаверса, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб йиллик ҳажми икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғисига тенг энергия ресурсларини сарфлайдиган ташкилотлар учун ўз энергия истеъмолини камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия ҳисобига таъминлаш мажбурияти юклатилади.
“Натижада, 2023–2026 йиллар давомида иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини истеъмол қилаётган 25 та йирик корхона ва ташкилотнинг умумий истеъмол ҳажми 4 млрд кВт.соат ташкил этиши инобатга олинган ҳолда, ушбу ташкилотлар ўз истеъмолини камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалар ҳисобидан таъминлаши орқали камида 1,2 млрд кВт.соат электр энергияси тежалишига эришилади”, дея прогноз қилинмоқда ҳужжатда.
Қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига олинадиган минимал энергия миқдори бўйича эса талабларни бажармаган ташкилотлар томонидан етишмаган энергия улушига мутаносиб миқдорда “яшил” сертификатларни сотиб олиш талаби киритилади.
“Бундай талаб ташкилотларни энергия самарадорлигини ошириш борасида рағбатлантиради, сертификат сотувидан тушган маблағ эса “яшил” технологияларни ривожлантиришга йўналтирилади.
Умумий истеъмолининг 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказиш талаби бажарилмаган тақдирда, мазкур ташкилот томонидан ушбу мақсадга эришиш учун етишмаган энергия улушига мутаносиб миқдорда ҳар 1 МВт учун битта “яшил” сертификатни сотиб олади”, дея қайд этилади дастур матнида.
Шунингдек, 2023 йил 1 июлдан бошлаб табиий газни ёқилғи қуйиш шохобчаларига газ ҳажмининг онлайн ҳисобини юритиш тизими, сотилган газ миқдорининг аниқ ҳисобини юритишни таъминловчи ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлар базасига интеграция қилинган дастур мавжуд бўлган ҳоллардагина етказиб бериш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланган.
Бунинг натижасида эса онлайн ҳисобни юритиш тизими орқали объектларда табиий газнинг беҳуда сарфланиши, улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тизимли мониторинг шакллантирилиши кўзланган.