Тадбиркорларни қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш қонунчиликка зид – Энергетика вазирлиги

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг баъзи бир ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани, бу тўғрисида айрим мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли равишда расмий хат ҳам юборилаётгани ва ўрнатмаса, электр таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида таҳдид бўлаётгани хусусида хабар берган эди. Мазкур вазиятга Энергетика вазирлиги муносабат билдирди.

Вазирлик ҳақиқатдан ҳам корхоналарга келаётган огоҳлантириш хатларида келтирилганидек, Президентнинг тегишли қарорларида соҳадаги муносабатларни янада ривожлантириш ва электр энергияси ҳамда табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси ҳамда табиий газдан самарали ва тежамкор фойдаланиши бўйича зарур ишларни амалга ошириш, қуёш панеллари, қуёш сув коллекторлари ўрнатиш имконияти бор тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонлари учун мазкур жиҳозларнинг тарғибот-ташвиқотини кучайтириш сингари вазифалар кўрсатиб ўтилганини билдирди.

Бироқ кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда эса, уни тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш масаласи ҳеч бир қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаганини ҳам таъкидлади. 

“Демакки, бундай қилиш қонунчиликка зид ва Энергетика вазирлиги бу каби хатти-ҳаракатларни мутлақо ёқламайди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги Ўзбекистонга қуёш панеллари ва унинг бутловчи қисмларини олиб кираётган корхоналар сони ҳам кун сайин ортиб бораётганини қўшимча қилди. Билдирилишича, жорий йилнинг 8 ойида мамлакатга 107 та тадбиркорлик субъекти томонидан 1,5 миллионтадан зиёд қуёш панеллари олиб кирилган. Тадбиркорлик субъектларининг 64 таси бу сафга жорий йилда қўшилган. Шунингдек, 62 та тадбиркорлик субъекти томонидан салкам 7 минг дона инверторлар олиб кирилган. 

“Бунинг натижасида агар 2023 йилнинг сентябрь ойида бир кВт қувватга эга “on grid” (энергия танқислиги юз бермаслиги ёки электр энергияси ортиқча бўлмаслиги учун тармоққа уланиш) тизимидаги қуёш панели нархи ўртача 10 млн сўмга, “off grid” (энергия таъминотчиларидан мустақил тизим. Бундай тизимнинг муҳим таркибий қисми қуёш энергиясидан нафақат кундузи, балки кечаси ҳам фойдаланиш имконини берувчи батареялардир) тизимидаги эса 13 млн сўмга баҳоланган бўлса, жорий йилда уларнинг нархи 30 фоиздан зиёд арзонлашиб, тегишлича 7 млн сўмдан 9 млн сўмгачани ташкил этмоқда.

Яъни, айрим “иқтисодчи”лар таъкидлаганидек, ушбу маҳсулотларнинг импортини қандайдир 1-2 та ташкилот рухсат орқали амалга оширмаяпти ҳамда буларнинг фаолияти Энергетика вазирлиги томонидан бошқарилмайди. 

Худди шунингдек, ўтган йили 5 кВт қувватга эга “on grid” тизимидаги қуёш панели нархи ўртача 50 млн сўм, “off grid” тизимидаги эса 65 млн сўм турган бўлса, 2024 йилнинг сентябрида бу нархлар 35 млн сўм ва 45 млн сўмни ташкил қиляпти. Бу аввало мавжуд рақобат муҳитининг таъсири бўлса, иккинчидан, асосий ишлаб чиқарувчи Хитойдаги нархларнинг тушиши ҳам бунга сабаб бўлди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг 1 октябридан юридик шахслар ва тадбиркорлар учун, 2024 йилнинг 1 май санасидан эътиборан эса аҳоли истеъмолчилари учун энергоресурслар тариф нархларининг табақалаштирилган равишда оширилиши истеъмолчиларда қуёш панели ҳамда гелиоколлекторларга нисбатан қизиқишни табиий равишда кучайтирган. 

“Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Энергетика вазирлиги тадбиркорлик субъектларини қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш билан мутлақо келишмайди. Аммо тадбиркорларимиз ҳам қуёш панели қўйиш ўз бизнеси учун фойдали эканлигини англаб етишса, нур устига нур бўлар эди. Қолаверса, бугун бу бозорда таклиф қилувчи ҳам, талабгор ҳам, кимлардир ўйлаганидек, кам эмас”, дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ нафақат туман электр тармоқлари корхонаси, балки газ таъминоти корхонаси ҳам тадбиркорларга огоҳлантириш хати юбориб, қуёш панеллари, геоколлекторлар, замонавий газ горелкалари, компенсация қилиш ускунасини 10 иш куни муддатида ўрнатмаса, электр энергияси ва табиий газ таъминотидан узиб қўйилишидан огоҳлантирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

қуёш панели тадбиркорлик субъектлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made