Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Европага “яшил” энергия сотмоқчи 

Жамият

image

Бугун, 1 май куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон энергетика тизимларини бир-бирига улаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда "Zakon.kz" хабар берди.

Қайд этилишича, ҳужжатдан мақсад уч давлат энергетика тизимларини ўзаро боғлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг асосий шартларини белгилаб олишдир.

“Марказий Осиё давлатларидан Озарбайжон ҳудуди орқали Европага электр энергиясини экспорт қилиш учун Каспий денгизи туби ва бошқа ҳудудларда юқори вольтли кабель ётқизиш орқали энергия тизимларини улаш имкониятлари кўриб чиқилади”, дейилади хабарда.

Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Саткалиевнинг айтишича, аввалроқ Каспий денгизи туби бўйлаб чуқур денгиз кабелини ётқизиш бўйича техник шартлар лойиҳаси ишлаб чиқилган.

"Техник шартлар доирасида халқаро узатиш йўлакларини ривожлантириш (молиялаштириш, даромадлар оқими ва эгалик қилиш) ва Европа Иттифоқи мамлакатларига яшил энергияни сотиш бўйича бизнес модели ишлаб чиқилади", деган у.

Озарбайжон Иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов эса ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида:

"Ҳужжатни амалга ошириш "яшил" энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбайжон ҳудуди орқали Европага экспорт қилишни, энергетика тизимларининг интеграциялашувини назарда тутади", деб ёзган.

 Расмийларга кўра, бугун ушбу лойиҳани амалга оширишнинг асосий ёндашувлари муҳокама қилиниб, келишувга эришилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Европа Ўзбекистон Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг