Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик юки юборди
Жамият
−
16 Ноябрь 2020
6047Кеча, 15 ноябрь куни Ўзбекистон Ҳукумати махсус самолётда қўшни Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами юборди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ хабар берди.
Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида тиббий анжом, дори-дармон юборилди. Келгусида ўзбек томони карантин контейнерлари, шунингдек, 3000 тонна буғдой юбориши режалаштирилган.
“Инсонпарварлик юкида 100 минг жуфт бир марталик тиббий қўлқоп ва 10 мингта тиббиёт комбинезони, 2 мингта тиббий ҳимоя қилувчи кўзойнак, 10 мингта тест синовлари, 5 минг қути Ремдесивир ва минг қутидаги Гепарин, 4 минг дона натрий хлор, шунингдек шприц ва системалар мавжуд. Бундан ташқари, иккита модулли, технологик шифохоналар қурилиши бошланди”, дейилади хабарда.
Тез кунларда темир йўл алоқаси орқали навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юборилиши кутилмоқда. Унда карантин учун 400та махсус контейнер ва 3 минг тонна буғдой келтирилади.
Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти вазифасини бажарувчиси Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилганди.