Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари Иссиқкўлдаги реабилитация марказига борди

Local

image

Бугун, 31 июль куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Қирғиз Республикаси Биринчи хоними Айгул Жапарова ҳамда Озарбайжон Республикаси Биринчи хоними Меҳрибон Алиева билан биргаликда “Алтин балалик” реабилитация марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Зироат Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Ташриф давомида Биринчи хонимлар марказ фаолияти билан танишиб, бу ерда тарбияланувчилар учун ташкил этилган маҳорат дарсларини кузатган ҳамда болалар билан самимий суҳбатлашган.

Шунингдек, меҳмонлар шарафига “Шаттик” миллий рақс ансамбли ва ёш комузчилар ансамблининг бадиий чиқишлари намойиш этилган. Шунингдек, “Ақилман” иқтидорли болалар президент лицейи тарбияланувчилари томонидан лой ва кийгиздан тайёрланган буюмлар кўргазмаси тақдим этилган.

Шундан сўнг, меҳмонлар марказнинг соҳил ҳудуди ва санъат галереясини кўздан кечирган. Галереяда Қирғиз Республикасида ўтказиладиган болалар ижодиёти бўйича халқаро танловлар ғолибларининг, жумладан, ўзбекистонлик ёш рассомларнинг ижод намуналари намойиш қилинган.

Шу билан бирга, ташриф дастуридан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ҳисобланган “Дўстлик дарахти” номли кийгиз панносига якуний безак элементини тушириш маросими ҳам ўрин олган.

Ташриф якунида Қирғиз Республикаси Биринчи хоними Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёевага анъанавий қирғиз миллий мусиқа асбоби – чангқўбиз туҳфа қилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан рафиқаси Зироат Мирзиёева билан биргаликда Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрига борган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends