Ўзбекистон Қирғизистон ва Қозоғистон билан ГЭС қурмоқчи
Жамият
−
07 Январь 2023
7644Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика идоралари раҳбарлари Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш режасини имзоладилар. Бу ҳақда кеча, 6 январь куни Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“6 январь куни Бишкек шаҳрида Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Болат Акчулаков, Қирғизистон Республикаси Энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни имзолади”, дейилади хабарда.
“Йўл харитаси” доирасида томонлар лойиҳани амалга оширишнинг асосий шартларини ва станцияни ўз вақтида ишга тушириш бўйича кутилаётган чора-тадбирларни белгилаб олган.
"Қамбарота ГЭС-1 Қирғизистондаги энг йирик электр станцияга айланиши керак. Бу Марказий Осиё мамлакатларини электр энергияси билан таъминлайди ва минтақанинг сув таъминотини барқарорлаштиради", дея тушунтирди вазирлик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга ташрифи давомида Президент Алмазбек Атамбоев билан учрашиб, Тошкент Қамбарота ГЭС қурилишида қатнашишга тайёрлигини айтганди.
LiveБарчаси