Каримов суймаган ГЭС

Таҳлил

Тожикистон – Ўзбекистоннинг қўшниси. Марказий Осиёда жойлашган тоғли давлат. Илгари Ўзбекистон каби СССР таркибида бўлган бу мамлакат денгизга чиқиш имкониятига эга эмас. Ҳудудининг 93 фоизи тоғли бўлиб, фойдали қазилмалар захиралари мавжуд бўлсада, уларни қазиб олиш ва ташиш катта харажат ва машаққат талаб қилади. Тожикистонда Марказий Осиёдаги барча сув ресурсларининг қарийб 60 фоизи ҳосил бўлишига қарамай, қишда бу ерда электр танқислиги кучаяди. чекка ҳудудлар том маънода зулмат ичида қолади. Ана шу энергетик муаммоларни ҳал қилиш учун Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСини барпо этишга киришди. Лойиҳа Тожикистон учун катта иқтисодий аҳамиятга эга, аммо бу улкан иншоот минтақадаги бошқа давлатлар, жумладан, ўзбекистонликлар учун хавфли саналади. Оролнинг қуриши, касалликлар, Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегара ҳудудида юзага келадиган улкан сув тошқинлари – буларнинг ҳаммасини биргина Тожикистоннинг Роғун ГЭСи келтириб чиқариши мумкин.

Роғун ГЭСи ҳақида

Роғун ГЭСи – Тожикистон жанубидаги Вахш дарёсида қурилаётган улкан гидроиншоот. У Душанбедан 110 км узоқликда жойлашган.

Лойиҳа тугаллангач, баландлиги 335 м бўлган Роғун ГЭСининг тўғони дунёдаги энг баланд, станция эса 3600 МВт қувватга эга бўлиб, Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэлектр станцияга айланиши кутилмоқда. ГЭС дунёдаги энг йирик узоқ муддатли қурилиш ҳисобланади. Станцияни қуриш бўйича ишлар 1976 йилда бошланган. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Роғундаги ишлар тўхтатилган.

1993 йил қурилиш учун ёмон йил бўлган. Бу ерда кучли сув тошқини тўғон кўпригини ювиб кетган. Оқибатда ўша пайтда қурилган барча бинолар сув остида қолган. Бугун эса лойиҳа яна жонлантирилмоқда.

Лойиҳа Тожикистон учун катта иқтисодий аҳамиятга эга, аммо бу улкан иншоот минтақадаги бошқа давлатлар, жумладан, Ўзбекистон учун хавфли бўлиши мумкин.

Аҳоли нимадан қўрқувда?

“Независимая” нашрининг ёзишича, Жаҳон банкининг Инспекция кенгаши Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭС лойиҳаларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолисининг шикоятини кўриб чиқиш учун қабул қилган. Аҳоли эса ўз шикоятномаларида келажакдан, табиатдан хавотирда эканлигини билдирган.

Шикоят Жаҳон банкининг “Роғун ГЭСни барқарор молиялаштириш” лойиҳасига ва у билан боғлиқ бўлган 2014 йилги экологик ва ижтимоий ҳужжатларни тайёрлаш ва янгилашга қаратилган техник ёрдам лойиҳасига ва уларнинг 350 миллион доллар миқдоридаги сармоясига тааллуқлидир.

Мурожаатчилар ўз шикоятларида Жаҳон банки ва қўшимча 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратиш мажбуриятини олган бир қатор қўшма молиялаштирувчи институтлар лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсиридаги камчиликларга қарамай Роғун ГЭСни қуриб битказиш лойиҳасини молиялаштиришни маъқуллагани ақлга сиғмайдиган иш эканлигини айтиб ўтган.

Айни пайтда Роғун ГЭС қурилишини якунлаш билан боғлиқ асосий муаммо шундаки, мавжуд атроф-муҳит ва ижтимоий муҳитга таъсирни баҳолаш тўлиқ эмас, ўн йил олдинги эскирган маълумотлар ва тушунчаларга асосланган ва лойиҳанинг асосий хавфларини етарли даражада акс эттирмайди.

Шикоятчиларга кўра, лойиҳа ҳужжатларида дарёнинг қуйи оқимида, айниқса, Оролбўйининг экологик офат зонасида яшовчи маҳаллий аҳоли манфаатлари тўлиқ ҳисобга олинмаган. Вахш дарёси сувининг қурилиш, сув омборини тўлдириш (бу жараён камида 15 йил давом этади) ва ГЭСни эксплуатация қилиш даврида камайиши ҳамда мавсумий қайта тақсимланиши, дарёнинг қуйи оқимларида — хусусан Вахш ва Амударёнинг қуйи ҳудудларида сув танқислигини келтириб чиқаради. Аммо бу каби улкан оқибатларга олиб келадиган кичик муаммолар баъзи бировларнинг назаридан четда қолган.

Ўлаётган Оролга яқинлашаётган яна бир хавф

Хавотирлар бежиз эмас. Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, фақат сув омборини тўлдириш босқичида Амударёнинг Орол денгизига оқими йилига 0,8–1,2 куб километрга камаяди, бу эса ҳозирги оқимнинг камида 25 фоизини ташкил этади дегани. Бундай улкан ҳажмдаги сувнинг йўқотилиши табиий ва антропоген экотизимларнинг шундоқ ҳам заиф ҳолатини янада оғирлаштиради, ерларнинг янада таназзулга учрашига, тупроқнинг шўрланишига ва чўлланишга олиб келади.

Айни дамда Амударёнинг қуйи оқими аҳолиси ўйламасдан қилинган совет гидроқурилиши туфайли Орол фожиаси оқибатларини умр бўйи ўз бошидан кечирмоқда. Улар чанг бўронлари ва сув сифатининг пастлиги туфайли соғлиқнинг ёмонлашиши, сув танқислиги ва ер деградацияси туфайли тирикчилик воситаларининг йўқолиши каби бугунги кундаги муаммоларга қайта-қайта дуч келмоқда.

Роғун лойиҳасининг битиши эса ушбу муаммоларни бир неча бор кучайтириши мумкин. Дарё режимининг ўзгариши қишлоқ хўжалиги ва сув таъминоти тизимларининг қимматга тушадиган трансформациясини талаб қилади.

Лойиҳанинг кумулятив таъсирига етарлича эътибор қаратилмаётгани бевосита ҳаммага ташвиш уйғотади. Лойиҳада Роғун ГЭСнинг Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали каби бошқа йирик сув хўжалиги лойиҳалари билан биргаликда синергетик таъсири деярли ҳисобга олинмаган. Мутахассисларнинг ҳеч бири бу икки гигант лойиҳа ишга тушгач, Амударё ва унга боғлиқ экотизимлар ҳамда аҳоли қанча зарар кўриши ҳақида асосли прогноз ҳам бергани йўқ. Амударёга бундай икки томонлама зарба, айниқса, прогноз қилинаётган иқлим ўзгариши ва минтақада сув ресурсларининг камайиши шароитида бутун ҳавза учун улкан ноаниқлик ва хавф туғдиради. Жаҳон банкининг Ўзбекистон учун прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб Амударё ҳавзасида сув таъминоти 15-30 фоизга камайиши кутилмоқда, бу эса фақат деҳқончиликда 250 минггача иш ўринларини йўқотишга олиб келади ва иқлимга мослашиш учун миллиардлаб сармояларни талаб қилади.

ГЭСнинг табиатга таъсири

Роғун ГЭСни қуриб битказиш лойиҳаси минтақанинг ноёб биологик хилма-хиллигига ҳам таҳдид солмоқда. Энг қимматли тўқай қайир экотизимлари, жумладан, UNESCO’нинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилган “Тигровая балка” қўриқхонасининг тўқай ўрмонлари ва Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасидаги Амударё қўриқхонаси зарар кўради. Йўқолиш арафасида турган Амударё сохта куракбурунларининг икки тури – осётрлар оқим режими ва оқизиқларни кўчиришнинг кейинги ўзгариши туфайли бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўн йил аввал Роғун ГЭСни қуриб битказиш режалари Тошкент ва Ашхободнинг кескин эътирозларига сабаб бўлган, аммо бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркманистон расмийлари тўғонни қуриб битказишга очиқчасига қарши чиқмаяпти. Бу сукунат хавф-хатарлар йўқлигини англатмайди, балки ўзгарган геосиёсий вазиятни ёки Марказий Осиё сув муаммоларини давлатлараро муҳокама қилишда шаффофликнинг етишмаслигини акс эттириши мумкин. Бироқ қўшнилар томонидан жамоатчилик танқидининг йўқлиги лойиҳа ташаббускорларидан ҳам, молия институтларидан ҳам Роғун ГЭСнинг бутун минтақа учун экологик ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш масъулиятини олиб ташламайди.

Роғун учун қурбон бўлаётган ишчилар

Халқимиз орасида “уруш қурбонларсиз бўлмайди”, деган гап бор. Тожикистонда қад ростлаши керак бўлган гигант лойиҳа якунланиши учун ҳам қўштирноқ ичидаги “уруш” давом этмоқда. Қурбонлар эса лойиҳада меҳнат қилаётган ишчилар жамоаси. Ҳа, лойиҳа бошлангандан буён 100 га яқин ишчи портлашлар ва техник носозликлар туфайли вафот этмоқда. Ҳалок бўлганлар сони ҳокимият вакиллари томонидан яширилган ҳолатда бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Сабабки, қурилишга 20 мингга яқин ишчи жалб қилинган. Эълон қилинган ва тасдиқланган маълумотларга кўра, 2020 йилда Роғун ГЭСи қурилишида 15 та авария қайд этилган, бунинг оқибатида 3 нафар ишчи ҳалок бўлган, 15 нафари турли тан жароҳатлари олган. 2019 йилда 33 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган, оқибатда 20 киши ҳалок бўлган ва яна 25 киши жароҳат олган. 2024 йилда эса гидроэлектр станциясида юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган, бир киши жароҳатланган. Бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти ер ости ишлари пайтида содир бўлган. Қурилиши давом этаётган лойиҳанинг шу вақтгача 6 та агрегатдан иккитаси ишга туширилган. Учинчиси, жорий йилда йилда ишга туширилиши режалаштирилган. Шундай қилиб, лойиҳа битгунга қадар ҳали яна талафотлар юз бериши мумкин.

Лойиҳага сарфланган пуллар ўзини қоплайдими?

Баландлиги 335 м бўлган тўғоннинг ҳозирги максимал вариантида лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ҳам савол туғдиради. Объектга аллақачон 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган бўлса-да, Роғун ГЭСни қуриб битказиш харажатлари доимий равишда ўсиб бормоқда ва аллақачон 6 миллиард доллардан ошди. Бу эса ишлаб чиқарилган электр энергияси станцияни қуриш харажатларини қоплаш учун етарлича юқори нархда сотилишини англатади.

Қўшни давлатлар ўз энергетикасини жадал суръатлар билан ривожлантирмоқда, Афғонистон ва Покистоннинг ушбу лойиҳа учун тўлов қилиши шубҳали. Тожикистон ҳукумати эса маҳаллий аҳоли учун электр энергияси тарифларини ҳар йили ошириб бормоқда, бу йил эса электр энергияси учун тўловдан бўйин товлаганлик учун ҳатто қамоқ жазосигача бўлган жиноий жазони жорий қилинди. Демак, қиммат нарх ўзини оқламаслиги ҳам мумкин. Бундан кўриниб турибдики, аҳоли билдирган шикоят муҳим ва кўриб чиқишга арзирли саналади. Йўқ, бунга фақат аҳоли қарши бўлмаган, ўз навбатида давлат раҳбарлари ҳам бу лойиҳага кескин норозилик билдирган. Масалан, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов.

Каримов қарши бўлган лойиҳа

1991 йилдан кейин Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов  Роғун ГЭС қурилишига қарши чиққан. У сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда дунёдаги энг баланд тўғон пайдо бўлишидан хавотир билдирган.

2012 йил Қозоғистонга ташриф буюрган Ислом Каримов Президент Нурсултон Назарбоев билан учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистондаги Роғун ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСлари қурилиши борасида алоҳида тўхталган.

Қозоғистон матбуотининг ёзишича, Ислом Каримов Роғун ва Қамбарота гидростанциялари лойиҳалари устида халқаро текширув ўтказилиши зарурлигини таъкидлаган.

“Биз ниманидир қуришдан олдин, қайси бир буюк давлатлар билан шартнома тузишдан олдин келинглар, ҳаққоний экспертиза ўтказайлик ва халққа, одамларимизга аниқ тушунтириш берайлик, улар билан эртага нима бўлади, ким бу дарёларнинг қуйисида яшайди?

Шунга эътибор қилиш лозимки, бу лойиҳалар, Роғун ҳам, Қамбарота ҳам 70-80 йилларда тузилган. Яъники, биз ҳаммамиз Совет Иттифоқи таркибида эдик ва ҳамма гигантомания билан оғриган пайтлар эди. Лекин вақт ўзгарди, 40 йилдан ортиқ вақт ўтди, бугун бутунлай бошқача қарашлар ва талаблар бор. Бугун гидротехник воситалар бутунлай бошқача асосда қурилиши талаб қилинади. Нима учун экспертиза ўтказиш мумкин эмас – келинглар ўтириб ҳаммасини муҳокама қилайлик”,  деб таъкидлаган эди Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари.

Биринчи президентга кўра, Қирғизистондаги Қамбарота сув тўғони 275 метр баландликда, Роғун 350 метр баландликда қурилаётганлигини ҳисобга олинса, бу иккала лойиҳа қурилиши бу ерда яшаётган инсонлар ҳаётига таҳдид бўлиши мумкин.

“Гиннеснинг рекордлар китобига киришни орзу қилишибди-ю, иккала ГЭС ҳудуди ҳам сейсмик хавфли жойларга киришини ва юзлаб одамларнинг ҳаёти ҳақида сўз бораётганини тушунишмаяпти. Тасаввур қиляпсизми, зилзила юз берган тақдирда Тўхтагул сув омбори ҳам қўшилиб, тўпланган сувлар чиқиб кетса у фожианинг оқибатлари қандай бўлишини?” дея огоҳлантирган ўз вақтида Каримов.

Ўша пайтларда Роғун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ихтилофлар анча кучли эди. Ўзбекистон масъуллари қўшнилари қураётган лойиҳа пухта ўйланмаганини бир неча бор таъкидлаган, аммо Тожикистон томони ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу ГЭС қурилишига оид лойиҳа ҳақида билдирган хавотирларини “асоссиз”, дея атаган. Йиллар ўтган сари қўшнимиз амалга ошираётган ушбу лойиҳага аралашмай ҳам қўйдик. Балки бу ҳокимият алмашиши боғлиқ масаладир…

Умумий қилиб айтиш мумкинки, Роғун ГЭС Тожикистон учун энергия мустақиллигига эришишда муҳим восита бўлиши мумкин. Аммо бу йўлда атроф-муҳит, қўшни давлатлар ва бутун минтақанинг сув ресурсларига бўлган таҳдидни инкор этиш, уларни етарли баҳоламаслик катта хатоларга ҳам олиб келиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Қирғизистон Ислом Каримов Жаҳон банки UNESCO Марказий Осиё Орол Қамбарота ГЭС Амударё Роғун ГЭС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг