Ўзбекистон қачон Голливуд даражасида кино олади?
Жамият
−
25 Декабрь
1403Ўзбек кинематографиясида қачон Голливуд кинолари даражасида кино суратга олинади? Бу савол кеча, 24 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжумани давомида журналистлар томонидан Маданият вазирига йўлланди. Вазир эса бу саволга жавобан, кутилган натижага эришиш учун ўзбек кинематографияси кино суратга олишни тўхтатиши кераклигини айтди.
“Кино сизлар кутган даражада ривожланиши учун ўзбек кинематографияси кино ишлаб чиқаришни тўхтатиши керак. Кинолар нима учун яшамаётгани ва ривожланиб кетмаётганининг сабаби шундаки, давлат кино олса, бундай бўлмайди. Давлат ҳеч қачон фақат пул топиш учун кино олмайди. Агар биз пул топиш учун кино оладиган бўлсак, уни ҳар хил жозибадор нарсалар билан безаш керак бўлади. Голливуд даражасида кино олишимиз учун эса битта фильмга 20 миллион пул тикишга тўғри келади”, деди Маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, 2024 йилда Ўзбек кинематографиясини ривожлантириш учун давлат бюджетидан нақ 105 миллиард сўм ажратилган. Бу маблағни эса вазирлик 123 та кино лойиҳасини якунига етказиш учун ишлатган.
“Умуман, йил давомида кино ишлаб чиқариш учун ажратилган маблағлар 105 миллиард сўмни ташкил этади. Ушбу маблағ доирасида 123 та кино лойиҳаси якунига етказилиб, 18 та бадиий фильм, 54 та ҳужжатли фильм, 32 та қисқа метражли фильм, 9 та сериал, 8 та анимацион фильм ва 2 та долзарб мавзудаги ролик суратга олинди”, дейди Кинематография агентлиги раҳбари Шуҳрат Ризаев.
Бутун дунёда кинематография соҳаси энг даромадли соҳалардан бири ҳисобланади. Кўплаб давлатлар айнан кино орқали миллиардлаб доллар даромад олади. Ўзбекистон-чи? Давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ эвазига суратга олинаётган кинолар орқали даромад келяптими? QALAMPIR.UZ ушбу саволлар билан Кинематография агентлиги раҳбари Шуҳрат Ризаевга мурожаат қилди. Унинг айтишича, 2024 йилда суратга олинган кинолардан қанча маблағ келиб тушгани ҳали ҳисобланмаган, аммо катта эҳтимол билан ушбу маблағлар киноларни суратга олиш жараёнида сарфланган харажатларни ҳам қоплашга етмайди.
Шунингдек, шу йилнинг ноябрь ойида Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов эндиликда Ўзбекистонда медиамаҳсулотлари ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги учун “маънавий экспертиза”дан ўтказилишини маълум қилганди. Марказнинг бу ташаббуси эса Маданият вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланган. Аммо ижтимоий тармоқларда “маънавий экспертиза” лойиҳаси йўлга қўйилаётгани фаол жамоатчилик вакиллари томонидан муҳокама қилиниб, катта эътирозларга сабаб бўлгани учун 14 декабрь куни Адлия вазирлиги “маънавий экспертиза” тўғрисидаги қарорни бекор қилган эди.
Матбуот анжумани давомида ўзбек киносидаги айрим фильмларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканлиги танқид қилиниб, “маънавий экспертиза” жамиятга керак, деган фикр яна тилга олинди.
“Биз ўзимизнинг ахлоқий меъёрларимизни аниқ белгилаб олишимиз керак. Ҳозирда давлат телеканаллари ва хусусий каналлар ўртасида рақобат кучайган. Фақатгина кўнгилхушлик учун намойиш қилинаётган сериалларнинг кўпайиши кузатилмоқда. Шу билан бирга, биз демократик давлатмиз, цензурага йўл қўйилмайди деган ёндашув сабаб бундай ҳолатлар юзага келмоқда. “Маънавий экспертиза” масаласи осмондан тушмаган – бу чуқур ўйланган ва мақсадли равишда жорий этилган эди. Ҳозирда ушбу масала муҳокамага қўйилган. Муҳокама давомида биз мазкур жараённи яхшилаш ва бошқа ёндашувларни кўриб чиқяпмиз. Келгуси йил сериаллар масаласида амалга ошириладиган режаларимиз дунёқарашимизни ва тасаввуримизни янада кенгайтиришга хизмат қилади”, деди Шуҳрат Ризаев.
Бундан ташқари, Маданият вазири санъаткорларни огоҳликка чақирди. Вазир Озодбек Назарбековнинг айтишича, кўплаб санъаткорларнинг хорижда концерт бериши ортидан Маданият вазирлигига ноталар келиб тушмоқда. Бу эса хорижда Ўзбекистон имижининг тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.
“Бир-иккита шундай ҳолат рўй бердики, ҳатто Маданият вазирлигига ноталар келиб тушиш даражасига етди. Айрим санъаткорлар бошқа давлатларга бориб, ҳар хил ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки концерт қўйиб, умуман солиқ тўламасдан кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунга жавобни эса Маданият вазирлиги беришига тўғри келяпти. Шунинг учун Маданият вазирлигининг хорижда Ўзбекистон имижини ошириш сиёсатига улар халақит бермасликлари керак. Мақсадимиз муштарак бўлмоғи лозим”, деди Назарбеков.