Ўзбекистон иттифоққа янада яқинлашмоқда ёхуд Мирзиёев илгари сурган 7 таклиф
Жамият
−
10 Декабрь 2021
20077Ўзбекистон узоқ тортишувлардан сўнг, Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олганига роппа-роса бир йил тўлди. Ўтган даврда мамлакатда иттифоқчиликка оид фаоллашув пайқалмаган эса-да, Президент Мирзиёевнинг бугун, 10 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашида сўзлаган нутқидан мамлакатнинг иттифоққа янада яқинлашиб бораётгани тахмин қилинади.
Мирзиёев жорий йилнинг 11 ойи давомида иттифоққа аъзо мамлакатлар билан товар айирбошлаш 30 фоизга ўсганини алоҳида урғулайди.
Президентга кўра, Ўзбекистон иттифоқ давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларда ижобий суръатни сақлаб қолиш ва уларни барқарор ривожлантириш бўйича ўзаро келишилган чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши тарафдори.
Шу боис, у, ўзининг таъбири билан айтганда, “қўшма қарорлар қабул қилишни тақозо этаётган энг долзарб вазифалар”га тўхталди:
“Биринчи. Ўзаро савдодаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этишни давом эттириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлашни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги ёндашув ва механизмларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрмиз.
Техник тартибга солиш нормалари, санитария, фитосанитария ва ветеринария талабларини уйғунлаштириш ишларини давом эттирмоқдамиз.
Бу борада Евроосиё иқтисодий комиссияси билан биргаликда алоҳида “Йўл харитаси”ни келишиш жараёнини якунлаяпмиз.
Иккинчи. Аввалги саммитда саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳим экани хусусида анча сўз юритилди.
Бугун ушбу йўналишдаги ишларимиз иштирокчи давлатлар билан кўпроқ икки томонлама асосда олиб борилмоқда.
Биз Россия, Қозоғистон, Беларусь ва Қирғизистон билан саноат кооперациясини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харита”ларини қабул қилганмиз ва изчил амалга оширяпмиз.
Бирлашма билан тегишли ҳамкорликни тизимли асосда ташкил этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Жумладан, Евроосиё иқтисодий кенгашининг Индустриаллаштириш онлайн харитасини яратишда иштирок этишга тайёрмиз.
Учинчи. Янги транспорт йўлакларини барпо этиш лойиҳаларини илгари суриш мамлакатларимиз транзит салоҳиятини ошириш борасидаги биргаликдаги ишларга қўшимча суръат бағишлайди.
Ўзбекистоннинг бугун имзоланаётган битимга мувофиқ амалга ошириладиган юк ташишларни кузатиш учун навигация тамғаларини жорий этиш бўйича дастурга қўшилиш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз.
Евроосиё иқтисодий иттифоқининг Логистика занжирларини ривожлантиришнинг рақамли экотизимини яратиш тўғрисидаги янги ташаббус ҳам бизда қизиқиш уйғотмоқда.
Тўртинчи. Глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олиб, аъзо ва кузатувчи давлатларнинг “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимдир.
Шу муносабат билан, ҳозиргина Владимир Владимирович айтган Юқори даражадаги ишчи гуруҳга қўшилишга тайёрмиз ҳамда унинг доирасида “яшил” тараққиёт соҳасидаги қўшма Чора-тадбирлар режасини тасдиқлашни таклиф этамиз.
Бешинчи. Рақамли иқтисодиётга ўтиш, инновациялар ва илғор IT-ечимларни кенг жорий қилиш мамлакатларимиз рақобатбардошлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бу борада билим, тажриба ва илғор технологиялар алмашиш, мамлакатларимиз IT-парклари ва марказлари ўртасида тизимли ҳамкорликни ривожлантириш, соҳада ишбилармонлар шериклигини кенгайтириш мақсадида навбатдаги Евроосиё рақамли форумини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этамиз.
Олтинчи. Евроосиё маконидаги муҳим ишбилармонлик ташаббуслари ва дастурларини амалга оширишга кузатувчи давлатларни янада фаол жалб этиш юзасидан ўзаро келишилган таклифлар тайёрлаш, илмий-техник ва гуманитар алмашинувни рағбатлантириш мақсадида Евроосиё иқтисодий иттифоқи Тараққиёт маркази имкониятларидан самарали фойдаланиш ниятидамиз.
Бунинг учун марказ негизида мамлакатларимиз тараққиёт институтларининг фаол иштирокида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича туркум тадбирлар ўтказишни таклиф этамиз.
Еттинчи. Иқтисодий интеграция мақсадларидан келиб чиқиб, кузатувчи мамлакатларнинг Евроосиё иқтисодий комиссияси Кенгаши ва органлари ишида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришни истардик.
Бу ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва қўшма қарорларни ишлаб чиқишга хизмат қилади”.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзини якунлар экан, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь