Ўзбекистон инвестиция жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда етакчи бўлди

Жамият 6270
image

Жаҳон банки глобал иқтисодиёт 2020 йилда 3,5 фоизга тушиб кетганидан кейин 2021 йилда 5,6 фоизга кўтарилишини башорат қилмоқда. Марказий Осиё (МО) мамлакатларида эса ўсиш йилига 3,7 фоиз бўлиши айтилмоқда. Энг йирик иқтисодий ўсиш Ўзбекистон (+4,8 фоиз) ва Тожикистонда (+5,3 фоиз) бўлиши кутилмоқда. Ўз навбатида, ўсиш Қозоғистонда 3,2 фоизни, Қирғизистонда эса 3,8 фоизни ташкил этиши мумкин.
 
Умуман олганда, халқаро институционал компаниялар мутахассислари инвестицияларни жалб қилиш Марказий Осиёдаги инқироздан кейин иқтисодиётни тиклашнинг асосий омили эканини таъкидламоқда. Шундай қилиб, инвестицион жозибадорлик мамлакатлар ривожланишида асосий роль ўйнайди.

Finprom.kz томонидан тузилган шарҳдан кўриниб турибдики, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари хорижий инвестициялар учун жозибадор. Қуйидаги ижобий омилларни қайд этиш мумкин:

• фойдали қазилмалар;
• савдо-сотиқдан ташқари соҳалар учун янги бозорлар;
• макроиқтисодий барқарорлик;
• йирик ички бозор;
• арзон иш кучи;
• иқтисодиёт тармоқларининг юқори ўсиш салоҳияти;
• ишбилармонлик муҳитини яхшилаш.

2019 йилги коронавирус туфайли юзага келган инқирозгача тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТХИ) оқими барча МО мамлакатларида ижобий динамика кўрсатди ва ўсиш суръатлари умуман дунёга қараганда юқори бўлди. Шундай қилиб, 2019 йилда МО мамлакатларига қилинган ТХИнинг умумий ҳажми қарийб 10 фоизга ошиб, 32,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этганди. Қайд этиш керакки, ушбу даврда тўғридан-тўғри инвестицияларнинг оқими бутун дунёда атиги 3 фоизга ошди. 2020 йилда эса коронавирус туфайли вужудга келган иқтисодий муҳит сабаб МОга қилинган ТХИнинг ҳажми сезиларли камайиб, 20,7 миллиард АҚШ долларига тенг бўлди.

Бугунги кунда МО мамлакатлари бир-бири билан фаол рақобатлашмоқда. Бу эса инвестицион муҳитни яхшилаб, минтақа обрўсига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон жуда юқори натижаларни кўрсатмоқда. Шундай қилиб, 2019 йилги коронавирус туфайли юзага келган инқирозгача хорижий инвестициялар оқимининг ўсиши бўйича Ўзбекистон етакчига айланди. Бир йил давомида ташқи инвестициялар ҳажми бирданига 2,3 баравар ошиб, 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Нефтни қайта ишлаш, нефть қазиб олиш ва кимё саноати Ўзбекистонга сармоядорларни жалб қилмоқда. Энг катта қизиқишни Хитой, Германия, АҚШ, Россия давлатлари билдирган.

Шу билан бирга, Қозоғистонда 2019 йилда хорижий инвестицияларнинг кириб келиши 2018 йилга нисбатан ўзгармади, гарчи мамлакат жалб қилинган инвестицияларнинг умумий ҳажми бўйича минтақада етакчи бўлиб қолмоқда. Қирғизистон ва Тожикистонда ўсиш мос равишда 26,4 ва 1,4 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистонда хорижий инвестициялар оқимининг кўпайишига ёрдам берадиган қулай инвестиция муҳитини янада шакллантириш ва инвестиция жозибадорлигини ошириш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар мамлакатни “Doing business” — бизнес юритиш қулайлиги халқаро рейтингидаги мавқеини яхшилашга имкон берди: 2020 йилда Ўзбекистон 7 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади, бу минтақадаги энг яхши кўрсаткичлардан биридир.

Рейтингда қайд этилишича, Ўзбекистон камида тўртта асосий кўрсаткични яхшилаш борасида катта ютуқларга эришган. Шундай қилиб, мамлакат акциядорларнинг ҳуқуқларини ва уларнинг йирик корпоратив қарорлар қабул қилишдаги ролини ошириш, мулк тузилмаларини аниқлаштириш ва корпоратив шаффофликни ошириш орқали озчилик инвесторларни ҳимоя қилишни кучайтирди. Шунингдек, Ўзбекистон солиқларни тўлашни соддалаштирди ва хатарларга асосланган текширувларни жорий этиш ва импорт ҳужжатлари талабларини соддалаштириш орқали трансчегаравий савдони рағбатлантирди.

Айни пайтда Қозоғистон рейтингда 28-ўриндан 25-ўринга кўтарилиб олди — бу минтақадаги энг яхши натижа, гарчи мамлакат ривожланиш тезлиги ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича Ўзбекистондан ортда бўлса ҳам.

МО мамлакатлари инвестицион жозибадорлигининг яна бир тасдиғи — пандемия ва инқироз даврида тўпланган инвестицияларнинг ўсиши. Шундай қилиб, 2021 йил 1 январь ҳолатига уларнинг миқдори 6,7 фоизга ошди. Ялпи хорижий инвестициялар тушумида бўлгани каби, тўпланган хорижий инвестицияларнинг энг катта ўсиши Ўзбекистонда кузатилмоқда (+29,8 фоиз). Қозоғистонда ўсиш атиги 3,6 фоизни, Тожикистонда эса 1,6 фоизни ташкил этди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 139
Рейтинг: 3
Теглар
t
×