Ўзбекистон Фанлар академиясининг 80 йиллик юбилейи ўтказилади
Жамият
−
11 Сентябрь 2023
2396Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг ”Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташкил топганлигининг 80 йиллигига бағишланган юбилей тадбирларини ўтказишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги 298-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорда келтирилишича, Фанлар академияси ташкил этилишининг 80 йиллик юбилей тадбири 2023 йил 12-14 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Шунга кўра, қуйидагилар ташкил этилади:
- “Илм-фан – Янги Ўзбекистон пойдевори” мавзусида халқаро конференция;
- Инновацион ишланмалар кўргазмаси;
- Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академикликка) танлов;
- “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тарихи” экспозицияси.
Шунингдек, қарорда бир ой ичида Маданият вазирлиги Фанлар академиясининг ташкил топиши ва ривожланиши ҳақидаги ҳужжатли фильм яратиши ҳам назарда тутилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Фанлар академияси 1943 йил 4 ноябрда ташкил топган. 2022 йил ҳолатига кўра, у 40 дан ортиқ илмий бўлимларни, шу жумладан ташкилий жиҳатдан учта бўлимга бирлаштирилган 36 та тадқиқот институтини ўз ичига олади:
- физика, математика ва техника фанлари;
- кимёвий, биологик ва геофанлар;
- ижтимоий ва гуманитар фанлар.
Академиянинг учта ҳудудий филиали мавжуд бўлиб, улар Қорақалпоғистон ва Навоий филиаллари ҳамда Хоразм Маъмун академияси ҳисобланади.