Ўзбекистон дўст орттиришда давом этмоқда: навбат Францияга
Таҳлил
−
13 Март 5673 7 дақиқа
Ўзбекистон ва сўнгги вақтларда Европа лидерига айланаётган Франция стратегик шерикларга айланди. Кечадан буён ОАВда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи кенг ёритилиб, муҳокамалар мавзуси бўлиб турибди. Россия-Украина можаролари борасида АҚШ ўз сиёсатини ўзгартираётган бир даврда Европа Иттифоқига “бош-қош бўлаётган” Эммануэль Макрон Ўзбекистон билан ҳамкорликни изчил давом эттирмоқчи. Хўш, икки давлат раҳбарлари нимага келишиб олди ва аввалги муносабатлар қандай эди? Франция Ўзбекистонни ўз уран етказиб берувчисига айлантиряптими? Ўзи Ўзбекистон дунё саҳнида кимлар билан дўст? Мақолада шулар ҳақида сўз боради.
Ўзбекистон кимлар билан дўст?
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бугунга келиб, республика дунёнинг 160 га яқин давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Тошкентда 46 та чет эл элчихоналари, 3 та бош консуллик, 13 нафар фахрий консуллар, 24 та халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, 26 та хорижий халқаро ҳукуматлараро ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари, 1 та савдо ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, республиканинг 4 иттифоқчиси (Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжон) ҳамда 20 дан ортиқ стратегик шериклари бор. АҚШ (2002 йил), Япония (2002 йил), Озарбайжон (2004 йил), Россия (2004 йил), Жанубий Корея (2006 йил), Ҳиндистон (2011 йил), Хитой (2012 йил), Қозоғистон (2013 йил), Туркманистон (2017 йил), Туркия (2017 йил), Қирғизистон (2017 йил), Тожикистон (2018 йил), Покистон (2021 йил), Венгрия (2022 йил), Италия (2023 йил), Қатар (2025 йил), БАА (2025 йил), Франция (2025 йил) кабилар шулар жумласидан.
Франция Европага йўл(ми?)
Хўш, ўзи давлатлараро қандай муносабатлар мавжуд ва улар қай тариқа шаклланади? Буни Ўзбекистон ва Франция мисолида атрофлича кўриб чиқамиз. Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Фазлиддин Жамоловнинг айтишича, давлатлар ўртасидаги муносабатлар даражаси оддий “тан олиш”дан тўлиқ “иттифоқчилик”гача бўлиши мумкин. Ҳаммаси ишонч даражаси ва ҳамкорликнинг чуқурлигига боғлиқ.
Масалан, биринчи даража – давлатни тан олиш. Франция Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 3 январда тан олган. Бироқ бу босқичда ҳар доим ҳам дипломатик муносабатлар ўрнатилмайди.
Кейинги қадам дипломатик муносабатларни ўрнатиш бўлиб, у Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенцияси билан тартибга солинади. Франция ва Ўзбекистон мисолида бу 1992 йил 1 мартда содир бўлди.

Кейин мамлакатлар дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолашга ўтишлари мумкин. Бу одатда тинчликсевар мақсадлар ва тарихий ҳамкорликни мустаҳкамлашни назарда тутади. 1993 йил 27 октябрда Ўзбекистон ва Франция ўртасида шу каби шартнома ҳам тузилган.
Демак, бу мантиқан кейинги босқич муайян соҳадаги ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар ёки кўп қиррали ҳамкорлик бўлиши мумкин, деган фикрга олиб келади. Хусусан, Макроннинг Ўзбекистонга 2023 йилги ташрифи доирасида уч йиллик дастур ва унинг доирасида ўзаро Маданият кунларини ўтказиш, Маданий мерос соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги декларация ва бошқа битимлар қабул қилинди.
Кейинги босқич баъзида “кенг қамровли” деб аталадиган стратегик шериклик шартномасини имзолаш деб тахмин қилиш мантиқан тўғри бўлади. Ҳамкорликнинг ушбу даражаси иқтисодиёт, энергетика, хавфсизлик ва технологиялар каби соҳалардаги умумий манфаатларга асосланади. У мослашувчан ва прагматик хусусиятга эга бўлиб, қатъий мажбуриятларни ўз ичига олмайди ва ҳозирги геосиёсий вазиятга боғлиқ.
Шу билан бирга, иттифоқчилик муносабатлари давлатлар ўртасидаги энг юқори даражадаги ишончни ифодалайди ва инқироз ҳолатида бир-бирини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича шартнома мажбуриятларини ўз ичига олади.
Шунингдек, илмий ходим Жамоловнинг фикрича, Ўзбекистон ва Франция стратегик шерикчилиги Ўзбекистон учун Европага “кўприк” вазифасини ўтайди.
“Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик ўрнатилиши икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга кучли туртки беради ва Ўзбекистон учун Европага “кўприк” вазифасини ўтайди, Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари билан шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” биринчи саммити арафасида ушбу ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг кўп векторли сиёсат юритиш ва Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга интилиши рамзидир”, дейди у.
Ўзбекистон ва Франция: стратегик шериклик доирасида нималар қилинади?
Кеча, 12 март куни Президент Мирзиёев Макрон таклифига биноан давлат ташрифи билан Парижга борди ва Франция Президентининг қароргоҳи – Елисей саройида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарорга келинди. Макрон жуда илиқлик, ўзбекона тайёргарликлар билан мезбонлик қилган мазкур музокаралар натижасида Франция компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури алмашилди.

Европанинг олди мамлакати Президенти Макронни том маънода яхши сиёсатчи дейиш мумкин. У Мирзиёевнинг расмий ташрифига етарлича тайёргарлик кўрганга ўхшайди. Макроннинг ўзбекча сўзлаши, шиори ва постларидан ташқари, Ўзбекистон Президентини мамлакатдаги муҳим орден билан мукофотлагани ҳам алоҳида таъкидланмоқда. У Мирзиёевни Наполеон таъсис этган орден – Фахрий легион билан тақдирлади.
Таъкидлаш керакки, бугунгача Россия Президенти Путин, Германиянинг собиқ федерал канцлери Ангела Меркель, Украина Президенти Владимир Зеленский кабилар шу орден билан мукофотланган.
Франция нима демоқда?
Бундай илтифотлар бежизга эмас, албатта. Дунёдаги тўртинчи йирик ядровий куч ҳисобланган Францияга уран қазиб олиш ва захираси бўйича дунёнинг етакчи ўринларида турган Ўзбекистондек мамлакат билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш катта манфаат демакдир. Франциянинг “afriquex” нашрида ёзилишича, ядровий арсенал – мамлакат мудофаа стратегиясининг асосий устуни. Агар унинг ядро қуроли бўлмаган тақдирда, Франция жаҳон сиёсатида ҳозиргидек нуфузга эга бўла олмасди.
Фуқаролик истеъмоли, қолаверса ҳарбий мудофаа учун ҳам мамлакатда уранга талаб юқори ва 1950 йиллардан бери Париж асосан Нигер уранидан импорт қилиб келган. 2023 йил июлида Ғарбий Африкада жойлашган бу давлатда ҳарбий тўнтариш содир бўлиб, Франциянинг иттифоқчиси, президент Муҳаммад Базоум ағдарилгач, Макрон учун “эркин уран” чекланиб қолган.
Шунингдек, нашрга кўра, бугунги кунда Канада, Австралия, Ўзбекистон ва Намибия каби давлатлар янги асосий етказиб берувчиларга айланган. Аммо Orano (Франциянинг йирик уран қазиб олувчи ва қайта ишловчи компанияси) Нигер уранига ҳануз қарамлигича қолмоқда.

“Rfi” нашрида эълон қилинган мақолада эса икки давлатнинг бир-бири учун асосий савдо ҳамкорлари эмаслиги таъкидланади. Шунга қарамай, 2023 йилда Ўзбекистонга 621 миллион евролик маҳсулот экспорт қилинган, бу эса 2019 йилга нисбатан беш баравар кўп. Ўзбекистон эса Францияга нисбатан кам экспорт қилади ва унинг 90 фоизи уран бирикмалари етказиб беришдан иборат.
Шу нуқтада Париж учун масала қизиқ тус олади. Елисей саройи бу ташрифнинг асосий мақсадларидан бири “кам учрайдиган ва стратегик металлар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш” эканини очиқ тан олади. Уран, албатта, шулар жумласига киради ва Франциянинг энергетик мустақиллиги учун жуда муҳим, чунки у мамлакатнинг атом электр станцияларини ишга туширишга хизмат қилади. Париж ҳозир Нигер уранига муқобил вариант қидирмоқда.
Шунингдек, мақолада собиқ совет давлати бўлган Ўзбекистон Францияни ўзининг трансформацияси учун идеал ҳамкор сифатида кўраётгани айтилади. Мамлакатнинг иқтисодий ўсиши йилига тахминан 6% атрофида бўлиб, демография жуда тез ўсмоқда. Тошкент Россияга энергетик қарамликни камайтиришни мақсад қилган. Бу борада Франция қулай ечим сифатида кўрилмоқда, чунки у бу муаммоларни ҳал қилиш учун зарур технология ва тажрибага эга. Масалан, Ўзбекистонни яшил энергияга ўтказиш бўйича режалар учун француз компаниялари муҳим роль ўйнаши мумкин. Ҳозирда Ўзбекистонда Франциянинг 50 га яқин компанияси фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, нашрга кўра, Ўзбекистонга қизиқиш билдираётган ягона давлат Франция эмас. Умуман олганда, Марказий Осиё Франция ва Ғарб давлатлари учун жозибадор бўлиб бормоқда. Германия канцлери Олаф Шольц ҳам шу каби сабабларга кўра ўтган йилнинг сентябрь ойида минтақага ташриф буюрган эди.
Кўп такрорланаётганидек, Ўзбекистоннинг ҳам, Франциянинг ҳам стратегик шерикликдаги ўзаро манфаатдорлигини инкор этиб бўлмайди. Франция Ўзбекистон учун технология ва инвестициялар борасида муҳим шерик бўлса, Ўзбекистон Франция учун стратегик хомашё, жумладан, уран ва бошқа камёб металлар етказиб берувчи мамлакат сифатида гавдаланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки геосиёсий жиҳатдан ҳам муҳим. Ўзбекистон глобал бозорларга интеграциялашиш ва ўз энергетик хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилган бўлса, Франция Марказий Осиёда ўз таъсирини мустаҳкамлашни истайди.
Бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш эса Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.
Live
Барчаси