Ўзбекистон болаларини эплаб боқолмайдими?
Таҳлил
−
12 Июнь 2023
18166Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг болалар меҳнатига оид расмий статистикасига кўра, Ўзбекистонда ўтган 2022 йилда 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларнинг 20% потенциал зарарли ишлар билан шуғулланади.
Бу болалар меҳнатининг энг катта улуши кузатиладиган Саҳрои Кабир, жанубий Африкадаги кўрсаткичлардан атиги 6 фоизга кам дегани.
2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда болалар учун зарарли бўлган ишларга жалб этилган 5 ёшдан 17 ёшгача бўлганларнинг 14 фоизи қизлар бўлса, 21 фоизи ўғил болалардир. 2022 йилнинг иккинчи чорагида эса Ўзбекистондаги 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларнинг 18 % қиз, 22 % ўғил болалар потенциал зарарли меҳнатга қўл урган.
Дарҳақиқат, болалар кўчада тиланчилик қилади, адирларда мол боқади, далада кетмон чопади, бозорда арава судрайди, сув ташийди, ўзлари ўйнаши керак бўлган кўнгилочар боғлар атрофида ҳали нам сочиқчалар, ҳали турли тақвимлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа нарсалар сотади. Бу воқеаларнинг ҳаммаси болажон юрт деб аталадиган, болали уй – бозор, боласиз уй – мозор, бола кўнгли – пошшо, бир болага етти маҳалла ота-она, деб ҳисоблайдиган ё янги ё эски Ўзбекистонда содир бўлмоқда.
Нима, бу юрт ўз болаларини эплаб боқолмайдими? 12 июнь ─ Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни. Хўш, Ўзбекистон ўз ичида болалар меҳнатига қарши қай даражада кураш олиб боряпти? Ўзи умуман, болаларнинг меҳнат қилиши яхшими ё ёмон? Болаларни кичиклигидан меҳнат қилишга ўргатиб бориш учун ҳам уларни меҳнатга жалб қилиш керакдир, балки? QALAMPIR.UZ мазкур саволларга жавоб топиш учун болалар, ота-оналар, кексалар, болалигида меҳнат қилган тадбиркор, болалар психологи ҳамда ҳуқуқшунос билан суҳбатлашди.
Болалар меҳнати масаласи учта асосий халқаро конвенцияга асосланади:
• Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) ишга қабул қилишнинг энг кам ёши тўғрисидаги 138-сонли Конвенцияси ва 146-сонли Тавсия (1973);
• Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича зудлик билан чора кўриш тўғрисида ХМТнинг 182-сонли Конвенцияси ва 190-сонли Тавсия (1999);
• Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси.
Ушбу конвенциялар болалар меҳнати концепциясини ўз ичига олади ва имзолаган мамлакатлар томонидан қабул қилинган болалар меҳнати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари учун асос бўлади. Шундай бўлсада, Ўзбекистонда ҳалигача болалар кўчада тиланчилик билан шуғулланмоқда. Ҳукумат эса бунга қарши қай усулда курашаётгани номаълум. Масъул ташкилотлар баъзан болаларни тиланчилик қилдираётган ота-оналарни жавобгарликка тортса, баъзан тиланчилик қилаётган болаларнинг видеолари ижтимоий тармоқларни “портлатса” ҳам ўзидан кар ва соқовни ясаб, жим ўтираверади.
Таҳририят Ўзбекистонда тиланчилик билан шуғулланаётган болалар ҳақида ҳам ижтимоий тармоқ орқали кичик сўровнома ўтказди. Унда иштирок этган 2 500 нафар овоз берувчиларнинг 79% “Сиз тиланчилик билан шуғулланаётган болаларга ҳеч дуч келганмисиз?” деган саволга, “Ҳа, кўп дуч келаман”, деб жавоб берган.
18% овоз берувчилар эса, бундай болаларни кўргани, лекин, кўп эмаслигини айтган. Иштирокчиларнинг атиги 3 фоизи эса тиланчилик билан шуғулланаётган болаларни учратмаган.
Изоҳларда эса кўплаб иштирокчилар, тиланчилик болалар учун тарки одат экани, бу оилавий анъаналари бўлиб, шунинг учун тиланчи болаларни кўрса ҳайрон бўлмаслигини, муаммога чек қўйиш имконсиз эканини ёзган.
Болалар меҳнатига оид таҳлилий видеонинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг Youtube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси