Ўзбекистон билан дипломатик алоқа ўрнатган давлатлар сони 145 тага етди

Жамият

image

Жорий йилнинг 18 январь куни Кампала шаҳрида Ўзбекистон ва Уганда ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев ва Уганда Республикаси Ташқи ишлар вазири Жеже Одонго имзолади.

“Суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга ўзаро тайёр эканини билдирди”, дейилади ТИВ баёнотида.

Уганда ТИВ раҳбари Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш устувор йўналиш этиб белгиланган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини ҳамда давлат раҳбари томонидан халқаро миқёсда илгари сурилаётган ташаббусларни расмий Кампалада юқори баҳолашларини таъкидлаган.

Маълумот учун, Баҳромжон Аълоев Уганданинг Кампала шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракатининг вазирлар йиғилишида иштирок этган Ўзбекистон делегациясига бошчилик қилган. Тадбирда 100 дан ортиқ давлат делегациялари, жумладан, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари даражасидаги делегациялар иштирок этди.

Йиғилишда Қўшилмаслик ҳаракатининг 19-саммити кун тартиби ва унда кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилган ва маъқулланган.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида Халқаро транспорт тармоқлари ва инфратузилмаларини ривожлантириш, иқтисодий ва молиявий тизимларни такомиллаштириш бўйича Ҳаракат доирасида яқин ҳамкорликни ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган. Можароларни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ташаббусларни ишлаб чиқиш, табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларга тайёрликни кучайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш муҳимлиги қайд этилган. Тадбир иштирокчилари халқаро кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўтган йилнинг апрель ойида Сьерра-Леоне, июнда эса Тринидад ва Тобаго билан дипломатик алоқа ўрнатганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Уганда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг