Ўзбекистон байроғи ўхшаш давлат билан илк марта дипломатик алоқа ўрнатди
Жамият
−
29 Апрель 2023
40717Сьерра-Леоне Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 143-давлатга айланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, икки давлат ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ва Сьерра-Леоне Республикасининг БМТдаги доимий вакили Алхажи Фанд Турай имзолаган.
Қайд этиш жоиз, ушбу давлат Ғарбий Африкада Атлантика океани соҳилида жойлашган, Британия Ҳамдўстлиги, ИҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа халқаро ташкилотлар аъзоси.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқлаган.
Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Ғарбий Африка давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлгани таъкидланган.
Маълумот учун, Сьерра-Леоненинг давлат рамзи ҳисобланган байроғи Ўзбекистонникига ўхшайди. Сьерра-Леоне байроғида ҳам яшил, оқ ва кўк ранглари жойлашган бўлиб, Ўзбекистон байроғининг пастдан юқорига кўринишини эслатади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 10 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Гайана Кооператив Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма қарор имзоланган. Гайана Кооператив Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 142-давлат бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь