Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди
Жамият
−
10 Октябрь 2023
6029Бугун, 10 октябрь куни Ўзбекистон зилзиладан жабр чеккан Афғонистон халқига қарийб 100 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев бошчилигида етказилган.
“Юборилган ёрдам юки таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, буғдой, ёғ, макарон, гўшт маҳсулотлари, гуруч, шакар; чодир ва одеяллар, шунингдек бирламчи тиббий ёрдам учун зарурий барча воситалар бор”, дейилади вазирлик баёнотида.
Билдирилишича, ёрдам юки My Freighter авиакомпаниясининг Boeing-747 юк самолётида Ҳирот шаҳрига етказиб берилган.
ТИВнинг хабар бердишича, Ўзбекистон делегациясини Афғонистондаги муваққат ҳукумат томонидан тузилган зилзила оқибатларини бартараф қилиш бўйича комиссия раиси Мавлавий Шарофиддин Муслим, раис ўринбосари Аҳмадулло Муттақий ҳамда транспорт ва фуқаро авиацияси вазири ўринбосари Абдул Саттор Гурволлар кутиб олган.
Юборилган инсонпарварлик ёрдами учун Мавлавий Шарофиддин Афғонистондаги муваққат ҳукумат ва мамлакат халқи номидан миннатдорлик билдирган.
“Ўзбекистон бизга ҳар доим биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзиб келган биродар мамлакат. Мен ўзим бир неча бор мамлакатингиздан келадиган кўмакни қабул қилиб, жабр кўрган халқимиз ўртасида тақсимлашда иштирок этганман. Биз Афғонистон Ислом Амирлиги ҳукумати ва халқи номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва халқига чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз”, деган Мавлавий Шарофиддин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни Афғонистон ғарбида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила аҳолиси 272 минг киши бўлган Ҳирот шаҳридан 40 километр узоқликда содир бўлган. Унинг ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашган. Табиий офат кучи дастлаб 6,1 балл деб ҳисобланган. Кучли зилзила оқибатида 2400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
LiveБарчаси