Ўзбекистон Афғонистонга 26 тоннадан ортиқ уруғ етказиб берди

Олам

image

Ўзбекистон Афғонистонга беғараз равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистонга ташриф буюрган. Улар Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги аграр корхоналар, агрокластерлар ва илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан танишган. Улар қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, ҳосилдор уруғчилик, замонавий суғориш технологиялари ҳамда қайта ишлаш саноати йўналишларида эришилган ютуқлар билан таништирилган.

Шунингдек, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Афғонистон фермерлари ва аграр тузилмаларига беғараз ёрдам тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилган. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан сараланган, юқори сифатли ва об-ҳаво шароитларига чидамли, сертификатланган 5 тонна чигит (200 гектар ер майдони учун), 20 тонна шоли (100 гектар майдон учун), 500 килограмм мош (25 гектар учун), шунингдек, 187 килограмм сабзавот уруғлари ва 600 килограмм полиз экинларнинг уруғлари топширилган.

“Мазкур амалий ёрдам Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси бандлигини ошириш ҳамда аграр соҳада инновацияларни жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ халқнинг бағрикенглик ва қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида Наврўз байрами ва Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) муносабати билан Афғонистон аҳолисига қарийб 200 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган инсонпарварлик юки қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг