Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги тўқнашувда икки киши ҳалок бўлди

Жамият 32246
image

Жорий йилнинг 21 августида Афғонистон фуқаролари томонидан Ўзбекистон Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ Пайғамбар ороли (Сурхондарё вилояти) ҳудудида юз берган ҳодисада икки киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Афғонистон ва Ўзбекистон Республикаси махсус хизматларининг ваколатли вакиллари ўртасида Давлат чегарасида вужудга келган вазият бўйича музокаралар ўтказилган. Унда 21 августда Пайғамбар ороли (Сурхондарё вилояти) ҳудудида юз берган ҳодиса муҳокама қилинган.

Учрашув давомида ҳар икки томондан ҳам мазкур ҳудудда тарангликни юзага келтирган айрим қоидабузарликларга йўл қўйилгани қайд этилган. Ҳозирги пайтда ҳодиса юзасидан пухта текширувлар ўтказилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси икки нафар ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия билдиради, олти нафар яраланганларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, ушланган шахсларни ўз ватанига қайтаришга тайёрлаш жараёнлари якунланмоқда.

Ҳар икки томон тинчлик тарафдори эканлигини, барча масалалар ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва бир-бирига ҳурмат асосида ҳал этилишини тасдиқладилар”, дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 21 август куни Сурхондарё вилоятидаги “Пайғамбар ороли” ҳудудида 24 нафар Афғонистон фуқароси давлат чегарасини бузиб ўтгани маълум бўлганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1720
Рейтинг: 3
Теглар
t
×