Ўзбекистон аҳолиси “свет”нинг нархидан розими?
Жамият
−
26 Июль 2023
7328Ўзбекистонда аҳоли 1 киловатт электр энергияси учун ўртача 300 сўм пул тўлайди. 1 метр куб табиий газ нархи эса аҳоли учун 380 сўмни ташкил қилади. Хўш, ўзбекистонликлар “свет” нархидан қониқадими, бемалол маошидан орттириб, сарфлаган электр энергияси ҳаққини тўлай оляптими? Бугун QALAMPIR.UZ худди шундай саволлар билан истеъмолчиларга, кунда-кунора “свет”и ўчаётган Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига микрофон тутди.
“Электр энергияси тўлаган пулимизга арзийди. Нархлари ўртача, арзон ҳам қиммат ҳам эмас”, дейди фуқаро.
“Менимча, арзийди. Нархлари ҳам арзон. Ҳозир нархи 294 сўм, буни яна кўтаришмаса бўлди. Ҳозир анча яхши”, дейди бошқа бири.
“Ҳа, арзийди. Нархлари ҳам жуда яхши. Шунча шароитлар қилиб беришганига раҳмат. Тағин, яна билмадим. Мен Намангандан келганман. Бизда ҳам электр энергияси ўчиб туради”, дейди яна бир шахс.
Одамлар орасида электр энергияси учун тўлаётган пуллар умуман арзимаслиги, “свет” тез-тез ўчиб туришини ҳисобига ҳатто текин қилиниши сўраганлар бор.
“Текин қилиши керак, Булар нимасига пул олади, электр энергиясини булар қаердан оляпти. Бориб ГEСдан олади, мен буни нимасига пул беришим керак? Йўқ жойдан келаётганига пул оляпти”, дейди йўловчи.
“Мисол учун, биз Юнусободда турамиз. Бир кундан бери “свет” йўқ уйимизда. Газ ҳам йўқ. Нархлари арзонликка арзон, лекин электр энергиясининг ўзи йўқ”, дейди яна бири.
Шунингдек, QALAMPIR.UZ айни сўровномада иштирок этган фуқаролардан бу йўналишда қандай муаммолар кузатилаётгани ҳақида сўраб, уларнинг сўзларига қулоқ тутди.
“Бир хилда ҳужжатлар почта орқали юборилади, баъзилари эса телефонга келади. Иккаласида фарқ бор. Ўшани фарқини йўқотиш керак”, дейди яна бир қатнашувчи.
“Масалан, электр энергияси бўйича гапирадиган бўлсак уйдаги кондиционер, вентиляторларни ишлаш даражаси пасайиб кетяпти ёки умуман ўчиб қоляпти. Бизга бериладиган ток 220 бўлиши керак аслида, лекин 167-170 бўлиб келмоқда”, дейди бошқа бир фуқаро.
“Мисол учун, чекка вилоятларда кўп “свет” ўчади. Менимча, шаҳарларда ўчмаяпти. Вилоятлардаги туманларга эътибор бериш керак. Фақат марказларга эмас, туманларга ҳам эътибор берилса анча яхши бўлади”, дейди яна бир ўткинчи.
Бундан ташқари, сўровнома давомида истеъмолчилар томонидан бир қанча эътироз ҳамда таклифлар айтиб ўтилди. Уларнинг фикрича, расмийлар бу борада яхшироқ эътибор бериши керак.
“Аввало ойликларни ошириш керак. Шунда кейин тўғри келади. Шу маошларни оширса электр тўловларини ҳам бемалол тўлай оламиз”, дейди сўровнома иштирокчиси.
“Бунақа иссиқ кунларда электр энергияси ҳатто марказларда ҳам ўчяпти. Шунга олдиндан яхшироқ эътибор беришларини сўраган бўлар эдим”, дейди бошқа бири.
“Қуёш панелларининг нархини арзонлаштиришса, яна ҳам яхшироқ бўлар эди. Кўпчилик сотиб олиб, ўрнатган бўлар эди”, дейди яна бир фуқаро.
LiveБарчаси