Кам таъминланган оилалар газ ва “свет” учун бир марталик компенсация олади
Жамият
−
26 Октябрь
4345Энди кам таъминланган оилалар автоматик равишда газ ва электр энергияси учун бир мартали компенсация олади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, маблағлар иситиш мавсумида газ ва электр энергиясига харажатларни қисман қоплашга ёрдам беради. Бир мартали компенсация учун давлат 370 млрд сўм йўналтиради. Компенсациялар 1,4 млн муҳтож оилани қамраб олади. Октябрь охиригача “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Маҳалла уюшмаси ва ҳокимликлар эҳтиёжмандлар рўйхатини шакллантиради.
Иситиш мавсумида (ноябрь-февраль) коммунал тўловларга харажатлар ортади. Эҳтиёжмандларга кўмак бериш учун, давлат йилда бир марта қуйидагилар бўйича 270 минг сўм тўлайди:
- асосий рўйхат бўйича. Унга “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри” орқали болалар нафақаси ва/ёки моддий ёрдам оладиган оилалар киради (1,2 млн оила);
- қўшимча рўйхат бўйича. Унга бошқа эҳтиёжмандлар киради (180 минг оила).
Тўлов газ ва электр энергиясига тарифлар ошиши оқибатини юмшатишда ёрдам беради.
Шунингдек, хабарда фуқаро ногиронлиги бор бола учун нафақа олаётган бўлса, асосий рўйхатга кирамаслиги қайд этилган. Асосий рўйхатга “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри” орқали бола нафақаси ёки моддий ёрдам олувчи оилалар киради. Аммо бу фуқаролар қўшимча рўйхатга кириши мумкин.
Фуқаронинг оиласи катта бўлса, у келтирилган маблағдан ташқари электр энергияси ва газ истеъмоли ижтимоий меъёрдан ошганлиги учун бошқа компенсация ҳам олади. Бу икки компенсация иситиш мавсумида газ ва электр учун тўлов қилишда ёрдам беради.
Агар оила “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри” орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам оладиган бўлса, компенсация автоматик равишда ўша картага тушади. “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”дан бир нечта оила яшайдиган бўлса, ҳар бир оила 270 минг сўмдан олади.
“Бир неча болага нафақа оладиган фуқаролар компенсация кўпроқ олмайди, компенсация миқдори болалар ва оила аъзолари сони ва бошқа шартларга боғлиқ эмас. Миқдори ҳамма учун бир хил – 270 минг сўм”, дейилади хабарда.
Бир мартали компенсацияни қўшимча рўйхатдаги кам таъминланганлар – боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз оналар, ногиронлар ва бошқа эҳтиёжмандлар ҳам олади.
“Бир мартали компенсация – давлатдан ягона ёрдам эмас. Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилалар яна электр энергияси ва газ истеъмоли ижтимоий меъёрдан ошганлиги учун ҳам компенсация оладилар” дейилади хабарда.
LiveБарчаси