Ўзбекистон 2026 йилгача камбағалликни 2 баробар қисқартирмоқчи
Жамият
−
10 Декабрь 2022
5055Кеча, 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Ху Чуньхуа ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда камбағаликни қисқартириш масаласи муҳокама қилинган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда меҳмонлар томонидан Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Ян Цзян, Давлат кенгаши бош котиби ўринбосари Го Вэй, Ривожланиш ва ислоҳотлар ишлари давлат қўмитаси раиси ўринбосари Лян Вэйлинь иштирок этган.
Қайд этилишича, томонлар камбағалликни қисқартириш борасида ўзаро фикр алмашган.
Ўзбекистон томони 2026 йилга бориб камбағаллик даражасини 2 баробарга қисқартириш, бу мақсадларга эришишда Хитойнинг илғор тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этиши ҳамда тажриба ва фикрлар алмашинувини кенгайтиришни таъкидлаб ўтган.
“Учрашув доирасида камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик, юртимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ўтган даврда яратилган камбағалликни қисқартиришнинг тўлиқ институционал асослари, шу жумладан, камбағаллик чегараси ва даражасини аниқлаш методологияси, манзилли чора-тадбирлар, ҳоким ёрдамчилари институтининг татбиқ этилиши ҳамда уларнинг фаолияти юзасидан фикр алмашдилар” дейилади хабарда.
Шу билан бирга, камбағалликни қисқартириш соҳасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмита шакллантириш ҳамда унинг биринчи йиғилишини 2023-йил Ўзбекистонда ташкиллаштириш таклифи илгари сурилган.