Ўзбекистон ҳукуматининг “махфий қарори” Қозоғистон цементига зарба бўлди – QazCem раҳбари
Жамият
−
16 Октябрь 2025 16368 4 дақиқа
Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган “махфий қарор” Қозоғистон цементига кескин зарба бўлган. Бу ҳақда QazCem – Қозоғистон цемент ва бетон ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси бирлашмаси раҳбари Эрбол Ақимбаев “Forbes Kazakhstan” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Анъанавий тарзда энг йирик импорт қилувчи давлат Россия Федерацияси ҳисобланади. Иккинчи йирик етказиб берувчи илгари Эрон эди. Энди эса бу Ўзбекистон. Мен Ўзбекистонга қарши эмасман, бироқ бу ерда масала ўйин қоидаларининг адолатли бўлишида”, дейди Ақимбаев журналистнинг цемент импорти ҳақидаги саволига жавобан.
Шунингдек, у илгари Қозоғистон Ўзбекистонга цемент экспорти бўйича энг йирик етказиб берувчи бўлганини, бироқ ҳозир вазият ўзагарганини билдирган.
“Биз божхона тартибини қайта кўриб чиқишга чақиряпмиз. Эслатиб ўтаман, 2018 йилдан буён Қозоғистон Ўзбекистонга цемент экспорти бўйича энг йирик етказиб берувчи эди. Аммо улар ўзлари бир қатор цемент заводларини қурдилар ва ҳаттоки меъёрдан ошириб юбордилар. Энди уларда ортиқча ишлаб чиқариш бор, шунинг учун ҳар қандай йўл билан ўз бозорларини ҳимоя қилишга уринмоқдалар”, дейди Эрбол Ақимбаев.
Бундан ташқари, у яқинда Ўзбекистон ҳукуматининг Қозоғистон цементини декларация қилишга оид қарори пайдо бўлганини айтган.
“Жорий йил июль ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори пайдо бўлди, у Қозоғистондан келтирилаётган цемент етказиб беришига бевосита таъсир қилмоқда. Бу ҳужжатда шундай ёзилган: Қозоғистондан олиб кирилаётган цемент нархи $300 дан паст бўлиши мумкин эмас, ҳолбуки биз уни атиги $30 га экспорт қиламиз. Тушуняпсизми? Яъни улар Қозоғистон цементини $300 деб декларация қилишни ва шу суммадан солиқ тўлашни мажбурий қилган. Аслида эса биз маҳсулотни $30 га олиб кирамиз, демак, солиқ ҳам шу асосда камроқ бўлиши керак эди”, дейди Ақимбаев.
Ақимбаев журналистнинг ушбу қарорнинг қонунийлиги борасидаги саволига жавобан “бу жуда нозик масала” эканини айтган.
“Бу жуда нозик масала. Биз бошқа давлатнинг ҳуқуқий ҳужжатлари “қонуний” ёки “ноқонуний” деб баҳолай олмаймиз. Агар қарор кучга киритилган бўлса, демак, божхона ходимлари уни бажаришга мажбур. Аммо унда ўзаро савдо ўсиши ҳақидаги барча баёнотлар нимага тенг бўлади? Энди қаранг, улар бу қарорни жорий этгач, сўнгги етти йил ичида илк бор Ўзбекистонга экспортимиз нолга тенг бўлди. Август ойида Ўзбекистонга биз бир тонна ҳам цемент юбормадик! Чунки мажбуран белгиланган нархда ҳеч ким бизнинг маҳсулотимизни олмаяпти. Агар Ўзбекистон шундай йўл тутса, демак, Қозоғистон ҳам ўз навбатида жавоб чораларни қўллаш ҳуқуқига эга”, дейди у.
Амалдорнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг қарорини очиқ манбалардан топишнинг иложи йўқ.
“Фақатгина Ўзбекистон божхоначисининг телефон экранидан олинган сурат мавжуд, холос. Бу гўё “етти муҳрли сир”га ўхшайди. Нега? Чунки агар улар бу қарорни очиқ эълон қилишса, дарҳол катта шов-шув кўтарилади”, дейди у.
Эрбол Ақимбаев Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур қарори ортидан “боши берк кўча”га кириб қолганини билдирган.
“Тўғриси, биз ҳозир боши берк кўчадамиз. Масалани Саноат вазирлиги, Савдо вазирлиги ва Қозоғистон саноат ва импорт маркази QazIndustry билан муҳокама қилаяпмиз, аммо ҳозирча самараси паст. Шу сабабли, агар Қозоғистон ҳозирнинг ўзида қўшни давлат ҳаракатларига жавобан жавоб чораларини жорий этса, бу бизга Ўзбекистондан кириб келаётган агрессив импорт оқимини камайтириш ва ҳеч бўлмаганда ҳозирги ишлаб чиқариш ҳажмини сақлаб қолиш имконини беради”, дейди у.
Маълумот учун, Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистонга цемент импорт қилиш учун 30 фоизлик бож жорий қилинган.
Live
Барчаси