Зўр кетаётган Мирзиёев

Таҳлил

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевни дўстим деб атади. Трамнинг сўзларига кўра Ўзбекистонда ишлар зўр кетяпти.  Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”га маблағ қўшди. Мирзиеёв эса ўз навбатида, Ғазода уй-жой бинолари, болалар боғчаси, мактаб ва шифохоналар қуришга тайёрлигини маълум қилди. Кенгаш доирасида Қозоғистон Президенти Тўқаев Трамп мукофотини жорий этишни таклиф қилди ҳамда Ғазога ҳарбий қўшин юборишини билдирди. Яқин дақиқалар ичида шу каби муҳим янгилар билан танишасиз.

Сўнгги йилларда дунё сиёсий харитасида муҳим ўзгаришлар юз бераётган бир пайтда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар алоҳида эътибор марказида турибди. Бу оддий дипломатик алоқалар эмас – гап стратегик шериклик, иқтисодий манфаатлар ва геосиёсий мувозанат ҳақида бормоқда. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга жорий йилнинг 18 февраль куни Вашингтон шаҳрига ташриф буюрди. Бу сўнгги беш ойда Мирзиёевнинг АҚШга учинчи бор ташрифи ҳисобланади.  “Эндрюс” авиабазасида олий мартабали меҳмонни АҚШ–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм, Миссисипи штати Миллий гвардияси бирлашган штаби қўмондони Жеймс Хэнкинс ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Вашингтонда ажратилган қароргоҳда эса АҚШ Президентининг махсус вакили Паоло Замполли қабул қилди. Бу қабул маросими ташрифнинг сиёсий аҳамияти қай даражада юқори эканини кўрсатади.

Ташриф доирасидаги асосий тадбирлардан бири – “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи саммитида иштирок этиш. Мазкур ташаббус илк бор жорий йил 22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида илгари сурилган эди. Ўша ерда Президент Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши” уставини имзолади. Бу қадам Ўзбекистоннинг глобал тинчлик ва хавфсизлик масалаларида фаол иштирок этишга тайёр эканини англатади. Кенгашга жами 62 давлат таклиф этилган бўлиб, ҳозирга қадар 25 давлат уставни имзолаб, расман аъзо сифатида қабул қилинган. 

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида янги инвестицион платформа ташкил этилди. Ўтган йили ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 1 млрд АҚШ долларини ташкил қилганди. Жорий йилда бу кўрсатгич янада оширилиши режалаштирилган. АҚШ вақти билан 18 февраль куни Шавкат Мирзиёев АҚШ Савдо вазири Ховард Латник, АҚШ Экспорт-импорт банки раҳбари Жон Йованович ҳамда АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэк ва бошқа қатор инвесторлар билан учрашди.

Ўзбекистон раҳбари ҳузурида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш, ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш, муҳим минералларни қазиб олиш ва етказиб бериш, паррандачилик кластерини ташкил этиш, агросаноат, молия бозорини ривожлантириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. 

Жумладан, АҚШнинг Нaymers компанияси Ўзбекистонда логистика соҳасида 2 миллиард АҚШ долларилик янги компания ташкил этиш режаси ҳақида маълум қилди. Open Hemmer компанияси “Citi Bank” билан ҳамкорликда IPO доирасида акцияларни жойлаштириш жараёнида underwriter сифатида иштирок этади. Компания қийматини 2 миллиард доллар даражасида баҳолаш режалаштирилди. Бу эса “Sentrum Аir”ни Марказий Осиёдаги энг қиммат компаниялардан бирига айлантиради. АҚШнинг “Gulf” компанияси эса Ўзбекистонда камида 100 та ёқилғи қуйиш шохобчасини ишга туширишни режалаштирганини билдирди. Улар Ғарб стандартлари асосида юқори сифатли ёқилғи билан таъминланган ҳолда барпо этилади. Шу давр мобайнида чакана савдо активларига камида 150 миллион доллар миқдорда сармоя киритилади. Ҳозирда Ўзбекистон бозорида АҚШнинг 340 га яқин компанияси фаолият юритмоқда.

Мирзиёев ўз нутқида мазкур учрашувлар янги, амалий форматдаги мулоқот эканини таъкидлаб, иқтисодий шериклик стратегик ишонч ва ўзаро манфаатдорлик руҳида янги босқичга кўтарилаётганини қайд этди. Унга кўра, ишончли шериклик, аниқ қоидалар ва узоқ муддатли ҳамкорлик тамойиллари Ўзбекистон–АҚШ муносабатларининг асосини ташкил этмоқда. 

19 февраль куни “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилиши Американинг  Тинчлик институтида бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Оқ уй тарафидан тўғридан тўғри ёритиб борилди. 

Мазкур саммитда қатнашиш учун Вашингтонга 40 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, давлат раҳбарлари ташриф буюрди. Мезбон тараф бўлган АҚШ Президенти Дональд Трамп барча қўноқларни бирма-бир таништириб ўтди. Навбат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга келганда, Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбарини дўсти деб ҳисоблашини айтди.

“Ўзбекистон Президенти Мирзиёев, менинг дўстим. Сизнинг мамлакатингиз ажойиб тарзда ривожланмоқда. Сиз ажойиб ишлаяпсиз. Ва муаммо йўқ”, деди Трамп.

Шунингдек, АҚШ Президенти дўстининг фамилясини айтишда қийналишини, Мирзиёевнинг фамилияси тарихдаги энг қийинларидан бири эканини қўшимча қилди.

Трамп нутқи давомида, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони ва Қувайт ёрдам пакетига 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратганини маълум қилди. Бироқ, қайси мамлакат айнан қанча пул маблағи қўшганини очиқламаган Трамп бу маблағ ҳаммасини қуролсизлантирилганидан сўнг анклавни қайта тиклашга қаратилишини билдирди. Трамп шунингдек, ФИФА Ғазода футболга оид лойиҳалар учун 75 миллион АҚШ доллари ажратишини, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса гуманитар ёрдам учун 2 миллиард АҚШ доллари қўшишини билдирди. Қўшма Штатлар тинчлик кенгашига 10 миллиард доллар миқдорида ҳисса қўшишини қўшимча қилди.

Аввалроқ, АҚШ Президенти “Тинчлик кенгаши” аъзоларининг ҳар бири 1 миллиард АҚШ доллари тўлов қилишлари кераклигини билдирганди. Лекин Қозоғистон ва Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”га $1 млрд миқдоридаги бадалсиз аъзо бўлгани очиқланганди.

“Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ғазода турар жойлар, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар қурилишига муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

“Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга кенгашнинг илк йиғилишини чақиргани учун самимий миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз. Шубҳасиз, бугунги саммит – Президент Трампнинг сиёсий иродаси ва прагматизми натижасидир”, деди Ўзбекистон раҳбари нутқи аввалида.

Унга кўра, Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”ни тузиш бўйича тинчликпарвар ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва уни муваффақиятли амалга оширишда амалий иштирок этиш ниятини қатъий билдиради.

“Ишончим комилки, кенгаш фаолияти Ғазо секторининг иқтисодий ва ижтимоий тикланиши учун қулай шароит яратади. “Учрашувимиз халқаро ҳамжиҳатлик, тинчликпарварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга қаратилган умумий интилишнинг ёрқин ифодасидир. Биз ушбу тарихий имкониятдан фойдаланиб, иқтисодиёти равнақ топган ва барча аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратилган янги Ғазони барпо этишимиз керак”.

Шу билан бирга, Мирзиёев ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозимлигини айтди. Президентнинг сўзларига кўра, барча томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари можародан кейинги жараённинг барқарорлигини таъминлаш ва Ғазони тез фурсатда тиклаш учун шароит яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”ни тузиш бўйича тинчликсевар ташаббусни қўллаб-қувватлашини ва унинг муваффақиятли амалга оширилиши борасида ўзининг амалий иштирокини қатъий баён этишини билдирди. Шавкат Мирзиёевнинг билдиришича, барча томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари Ғазони тез фурсатда қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга, можародан кейинги жараёнларни барқарорлаштиришга хизмат қилади.

“Биз Янги Ғазони – иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур”, дейди Ўзбекистон етакчиси. Қайд этиш жоизки, АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтказилган тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Баҳрайн, Индонезия, Аргентина, Парагвай, Руминия, Миср, Қатар, Покистон, Венгрия, Албания, Арманистон, Ветнам, Камбоджа, БАА, Туркия, Қувайт, Саудия Арабистони, Исроил, Марокаш ва бошқа давлатлар делегациялари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Хусусан, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Трамп мукофотини таъсис этишни таклиф қилди.

“Мен Президент Трампнинг тинчликпарварлик соҳасидаги улкан ютуқларини эътироф этиш учун унинг номидаги махсус “Тинчлик кенгаши” мукофотини таъсис этишни таклиф қилмоқчиман”, деган Тўқаев. Шунингдек, Қозоғистон дунёдаги йирик буғдой ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида гуманитар ёрдам кўрсатишга, шу жумладан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, фаластинлик талабалар учун беш йил давомида 500 та грант ажратиш режасини маълум қилди.

“Тинчлик кенгаши” доирасида Қозоғистон Ғазо учун Халқаро хавфсизлик кучларига (ХХК) қўшин юборишга розилик билдиргани маълум қилинди. Қозоғистондан ташқари Индонезия, Марокаш, Косово ва Албания ҳам қўшин юборишга келишган. Миср ва Иордания эса полицияни тайёрлашга масъул этиб белгиланганлиги Кенгашнинг биринчи учрашувида айтиб ўтилди.

АҚШ қўмондони Жаспер Жефферснинг сўзларига кўра, Халқаро хавфсизлик кучлари дастлаб Ғазо жанубидаги Рафаҳда жойлашади, полицияни тайёрлайди ва кейинчалик сектор-сектор бўлиб кенгаяди. Узоқ муддатли режага кўра, 20 000 ХХК аскари ва 12 000 полицияни тайёрлаш кўзда тутилган. Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, Трамп маъмурияти Ғазо секторида 5 минг нафар ҳарбийни жойлаштириш учун Ҳалқаро барқарорлаштириш кучлари (ҲБК) базасини қуришни режалаштирмоқда.  

Режага кўра, база Ғазонинг жанубида 350 акрдан ортиқ (1,4 квадрат километрдан зиёд) ҳудудни эгаллайди. Объект 26 та зирҳли кузатув минораси ва тиканли сим билан ўралади. Ҳудудда отиш майдони, бункерлар ва ҳарбий техника омборлари жойлаштирилади. Ҳалқаро барқарорлаштириш кучлари яқинда ташкил этилган “Тинчлик кенгаши” таркибига киради. Унга Дональд Трамп раҳбарлик қилади, унинг куёви Жаред Кушнер эса ҳамраҳбар вазифасини бажаради. Трамп маъмурияти вакили шартнома бўйича изоҳ беришдан бош тортиб, махфийлик сиёсатига ишора қилган ҳамда база ҳудудида америкалик ҳарбийлар бўлмаслигини қистириб ўтган.

Бундан ташқари, тадбирда бошқа хорижий мамлакатларнинг давлат, ҳукумат ва ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ҳам сўзга чиқишди. Йиғилиш якунида “Тинчлик кенгаши” фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги декларация имзоланди. Икки кунлик амалий ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига жўнаб кетди. Аэропортда давлатимиз раҳбари ва рафиқасини АҚШ–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев мактаб Дональд Трамп саммит болалар боғчаси Тўқаев Ғазо дипломатик алоқалар шифохоналар “Тинчлик кенгаши” Трамп мукофоти уй-жой бинолар қуриш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг