Ўзбекистон Ҳукумати хориждаги ватандошлар ҳимоясига оид янги қарорни қабул қилмоқчи
Жамият
−
04 Ноябрь 2019
5423Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш тартибини тасдиқлаш ҳақида“ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Қарор билан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш тартиби тасдиқланади.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирииши лозим.
Мазкур тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан ўз маблағлари ҳисобидан суғурта ташкилотларига йилига бир маротаба хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун суғурталанган ҳар бир меҳнат мигранти учун 50 000 (эллик минг) сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этилади.
Субсидия Жамғарманинг бошқарувидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи ёки Жамғарма Кузатув кенгаши қарори асосида ҳар йили тасдиқланадиган Жамғарма смета ҳужжатларига мувофиқ ажратилади.
Жамғарма томонидан субсидиялар Жамғарма ва суғурталовчи ташкилотлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган келишув шартномаси асосида тақдим этилади.
Бунда, келишув шартномасида белгиланган минимал талабларнинг камайтирилишига йўл қўйилмайди, Жамғарма ва суғурталовчи ташкилотлар томонидан ўзаро келишув асосида ушбу шартномага қўшимча талаблар киритилиши бундан мустасно.
Жамғарма томонидан келишув шартномасини тузиш учун қуйидаги имкониятларнинг мавжудлигини суғурта ташкилотлари тақдим қилган ҳужжатлар асосида ўрганилиши лозим:
• суғурта ташкилоти хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни ҳаёти, соғлиги ва бошқа таваккалчиликларни суғурта қилиш ҳуқуқига эгалиги;
• суғурта ташкилотининг хорижий давлатларда ўз агенти ёки ассистанс хизматларини кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар билан шартномасининг мавжудлиги;
• меҳнат мигрантлари томонидан суғурта полислари белгиланган тартибда олинганлигини мониторинг қилиш мақсадида суғурта ташкилотларининг дастурларини “labour-migration” дастурий мажмуасига интеграция қилиш имконияти мавжудлиги;
• Жамғарма томонидан ажратилган субсидия маблағлари учун алоҳида ҳисоб рақамини юритиш имконияти мавжудлиги.
Жамғарма томонидан суғурта ташкилотлари билан тузиладиган Бош келишув шартномасининг амал қилиш муддати бир йилдан ошмаслиги лозим.
Жамғарма томонидан келишув шартномасида белгиланган миқдордаги субсидия маблағларини ажратишда суғурта ташкилотлари томонидан тақдим қилинган буюртма асосида суғурта ташкилотининг тегишли ҳисоб рақамига молиялаштирилади.
Бунда, молиялаштириш Жамғарма ҳисоб рақамидаги мавжуд қолдиқ маблағлар доирасида амалга оширилади.
Жамғарма томонидан зарур ҳолларда (мурожаат кўп бўлганлиги, маблағнинг етишмовчилиги ва бошқа ҳоллар) суғурта ташкилотининг асослантирилган ёзма мурожаати асосида қўшимча маблағлар ўтказиб берилишига йўл қўйилади.
Ҳисобот ойининг охирида ҳақиқатда ўзлаштирилган субсидия маблағлари бўйича таққослама далолатнома тузилади ва суғурта ташкилоти ҳисоб рақамида ўзлаштирилмаган маблағ ҳисобот ойидан кейинги ойга қолдирилади.
Жамғарма билан суғурта ташкилоти ўртасида тузилган келишув шартномаси бекор қилинганда, суғурта ташкилотига белгиланган тартибда ажратиб берилган субсидия маблағлари Жамғармага 3 банк иш куни давомида қайтарилиши керак.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь