Ўзбекистон Ҳиндистон билан ҳарбий ўқув машғулоти ўтказди  

Олам

image

Ҳиндистоннинг Уттаракханд штати Бадлани қишлоғида жойлашган 438-мотоўқчилар полкида февраль ойининг ўрталаридан буён ўтказиб келинаётган “Дўстлик” ўзбек-ҳинд давлатларининг тўртинчи қўшма тактик ўқув машғулотлари якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, икки мамлакат ҳарбий хизматчилари қўлбола усулларда портлатиш, сигнал берувчи воситаларни турли жойларга ўрнатиш, тоғ тайёргарлиги машғулотидан скалодромда меъёрларни бажариш, қояларга ҳар хил усулларда тушиш ва чиқиш, сунъий тоғ тўсиқли йўлагидан ўтиш, қўл жанги элементларини қўллаш, ўрмонзор ва тоғли жойларда ҳамда ёпиқ иншоотларда ўқ отиш машғулотларини ўтказишни амалда кўрсатиб берган.

Шунингдек, машғулотларда маҳаллий мудофаа саноати томонидан ишлаб чиқарилган ўқотар қуроллар ва тиббий тайёргарлик бўйича амалий машғулотлар учун Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган ўқув тренажёрлари, шунингдек, Ҳиндистон армияси томонидан фойдаланиладиган квадрокоптерлар, тунги ва кундузи кўриш мосламалари, масофа ўлчагичлар намойиш этилган.

Бундан ташқари, машғулотлар давомида босқинчини қуролсизлантиришга ўргатилган итлар ва учиш вақтида дронларни уриб туширишга ўргатилган бургутлар ҳам намойиш этилган. 

Таъкидлаш жоизки, Ҳиндистон ҳарбийлари ҳаво кузатуви учун қушлардан ҳам фойдаланади. Ўргатилган лочиннинг бошига кичик видеокамера ўрнатилади ва тасвир мониторга узатилади.

Шунингдек, “Дўстлик” ўзбек-ҳинд ҳарбий машғулотлари давомида “Чақмоқ” операцияси ҳам ўтказилган. Унда икки давлат ҳарбий хизматчилари кечаси, ўта ёмон кўриш шароитида “террорчилар” лагерига ҳужум уюштирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Ҳиндистон ҳарбий ўқув машғулоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг