Uzbekistan airways ва Uzbekistan airports соҳада деярли ҳеч қандай ислоҳотлар қилинмаганига изоҳ берди
Жамият
−
05 Февраль 2020
4943Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мамлакатимиз фуқаро авиацияси соҳасида бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган долзарб масалалар юзасидан турли-туман фикрлар ва муносабатлар билдирилмоқда. Uzbekistan airways ва Uzbekistan airports компаниялари раҳбарияти ушбу масалалар бўйича баёнот билан чиқишди.
Маълумотда айтилишича, авиация бозорини либераллаштириш ва рақобат муҳитини ташкил этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида республикага қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 2017 йилда 15 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 23 тага етган.
Шунингдек, илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш орқали ташувлар ва аэропортлар фаолияти бўйича вазифаларни мустақил корхоналарга тақсимлаш борасидаги ишлар ниҳоясига етказилди. 2019 йилнинг октябрь ойида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК қайта ташкил этилиб, бир-биридан мустақил бўлган иккита Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports компанияларига ажратилди.
“Авиация бозорини янада либераллаштириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида 2019 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Қарши, Нукус, Термиз ва Бухоро халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги” тартибини қўллаган ҳолда, “Очиқ осмон” режими жорий этилди. Бу жараёнларнинг бошланганига эса бор йўғи энди уч ой бўлди! Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, “Очиқ осмон” режими жорий этилиши бирданига мамлакатимизга хорижий рейслар сонининг ортиши ва парвозлар оқимининг юқори суръатларда кўпайишида асосий омил бўлиб ҳисобланмайди”, деб таъкидланади компаниялар баёнотида.
Ҳозирда мазкур аэропортларга парвозларни амалага оширишни ташкил этиш юзасидан “Turkish airlines”, “Isra air”, “Garuda”, “Аэрофлот”, “ИрАэро”, “S7”, “Якутия”, “SCAT” ва бошқа бир қатор хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Юқорида санаб ўтилган компаниялар жорий йилнинг март ойидан бошлаб, “Очиқ осмон” режимидан фойдаланган ҳолда Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Иркутск, Красноярск, Олмота, Нур-Султон, ва Ақтау йўналишларида парвозларни амалга оширишни бошлашга тайёр эканлигини маълум қилишди. Шунингдек, Исроил ва Туркияга парвозларни йўлга қўйиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Айнан аэропортлар ҳолатини яхшилаш бўйича қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортида янги йўловчи терминали ва учиш-қўниш йўлагининг қурилиши натижасида аэропортнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 500 нафар йўловчидан 1500 нафарга қадар кўтарилади. Германиялик мутахассислар иштирокида Тошкент аэропортининг ўтказувчанлик ҳолатини оптималлаштириш ва реконструкция қилиш натижасида эса йўловчиларга хизмат кўрсатиш қобилияти йилига 4 миллиондан 7 миллионга ортади. Термиз халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлагининг қурилиши, Андижон аэропортининг реконструкция қилиниши барча турдаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш имконини яратиб, амалга оширилаётган қатновлар сонининг 2-3 бараварга ортишига олиб келади.
Авиация соҳасида рақобат муҳитини кенгайтириш, Ўзбекистон ички йўналишлари ва Марказий Осиё минтақаси йўналишларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш эҳтиёжларини қондириш мақсадида янги Humo Air авиакомпаниясини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
“Барчага маълумки сўнгги 30 йил давомида мазкур соҳада деярли ҳеч қандай ислоҳотлар амалга оширилмади. Бунинг оқибатида эса жиддий муаммолар тўпланиб қолди. Соҳа ривожига етарли даражада эътибор қаратилмагани ва мутлақо рақобат муҳитининг мавжуд эмаслиги ортидан у монополия тамойиллари асосида ривожланди. Тарифларнинг юқорилиги ва тақдим этилаётган хизматлар сифатининг пастлиги ҳам айнан шунинг натижасидир”, дейилади баёнотда.
LiveБарчаси