Теракт содир бўлган мажмуа эгаси ҳолат бўйича изоҳ берди (видео)

Олам

image

Кеча, 23 март куни “Крокус Сити Ҳолл” эгаси, миллиардер Арас Агаларов теракт ҳақида илк бор журналистларга изоҳ берди. “РБК” нашри Агаларов ўғли Эмин ва филиал директори Роман Грачев билан бирга фавқулодда ҳолат жойига етиб келганини маълум қилди. 

"Даҳшатли фожиа юз берди ва сўнгги 20 йил ичида бундай нарса бўлмаган", деган асли Озарбайжондан бўлган россиялик миллиардер.

Унинг сўзларига кўра, террорчилар залга эшикдан эмас, қўшни кўргазма маркази ойнаси орқали кирган. Террорчилар назоратчиларга қарата ўқ узган.

"Пулемётларни шай ҳолатга келтириб, улар кўрган ҳамма нарсасига қарата ўқ ота бошлаган. Ҳамма одамларга, соқчиларга. Бир қўриқчи ҳалок бўлди, иккинчиси яраланди", дейди Агаларов сўзида давом этиб.

У ҳодисани умуминсоний қадриятлар нуқтаи назаридан тушунтириб бўлмайдиган, деб атаган. Айни пайтда, “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига эгалик қилувчи Россиянинг “Crocus International” компанияси ўзининг расмий Телеграм-каналида юзлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган теракт муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирган.

“Биз бутун Россия билан биргаликда ҳалок бўлганлар учун мотам тутамиз ва ушбу даҳшатли фожиада жабр кўрганларнинг тезроқ соғайиб кетишига умид қиламиз. Ушбу оғир кунларда биз ҳокимият ва махсус хизматларнинг залворли ишларида, шунингдек, бутун мамлакат билан биргаликда теракт қурбонларига ёрдам бериш учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз ва қиламиз”, дейилади компания хабарида.

Аввалроқ "Crocus Group" биринчи вице-президенти, россиялик миллиардер Арас Агаларовнинг ўғли, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг собиқ куёви, хонанда Эмин Агаларов "Крокус Сити Ҳолл”  концерт залида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва бу теракт унинг оиласига ҳам таъсир қилганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, кеча Россия Президенти Владимир Путин 24 мартни "Крокус Сити Ҳолл"даги терактда ҳалок бўлганлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

изоҳ Крокус Сити Ҳолл Арас Агаларов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг