Россияда мотам куни эълон қилинди
Олам
−
23 Март
8654Россия Президенти Владимир Путин 24 мартни "Крокус Сити Ҳолл"даги терактда ҳалок бўлганлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилди. Бу ҳақда у фожиадан кейин россияликларга қилган мурожаатида айтиб ўтди.
Россия етакчиси ўз нутқи давомида "Крокус"да содир бўлган воқеани “қонли ваҳшийлик” деб атаган. У теракт оқибатида яқинларини йўқотган барчага ҳамдардлик билдирган.
"Бугун бутун мамлакат, бутун халқимиз мотам тутмоқда", деган Путин.
Шунингдек, у "одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилган" тез ёрдам шифокорлари, ўт ўчирувчилар ва қутқарувчиларга, шунингдек, фожиадан кейинги дастлабки дақиқаларда жабрланганларга ёрдам кўрсатган фуқароларга миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди.
Баъзи маълумотларга кўра, камида уч киши бўлган қуролланган шахслар ўт очган. Айни вақтгача қурбонлар сони 80 дан ошди.
Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатди.
Ҳозирда терактдан кейин шифохоналарда 110 нафар катталар ва 5 нафар бола ётибди, 60 нафар катталарнинг аҳволи оғир. Бу ҳақда Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди.
LiveБарчаси