Навоийнинг туғилган кунидаги дискотекани ким ташкил қилган? (видео)
Жамият
−
10 Февраль
15084Кеча, ижтимоий тармоқларда 9 февраль куни оқшомда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан Алишер Навоий таваллуд кунида дискотека уюштирилгани ҳақида хабарлар тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолатга университет матбуот хизмати ўз муносабатини билдирди.
Билдирилишича, аслида ушбу тадбир ташкилотчиси Яккасарой тумани ҳокимлиги бўлиб, университет олдидаги майдонда (университет ҳудудида эмас) шоу-концерт дастури ўтказилган. Ушбу концерт ҳақида аввалроқ Яккасарой тумани расмий саҳифасида ҳам маълум қилинган.
“Хабар берганимиздек, бугун 9 февраль куни соат 17:00да Яккасарой туманидаги Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг хиёбонида Яккасарой тумани ҳокимлиги, Яккасарой туман Маданият бўлими томонидан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остида эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари иштирокида шоу-концерт дастури бўлиб ўтади”, дейилади ҳокимлигининг кечаги эълонида.
Воқеа юзасидан Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ҳам ўз муносабатини билдириб, бу зиёлилар ғурурига тегадиган иш бўлганини изоҳлаган.
"Ҳазрат Мир Алишер Навоий мавлуди куни барчамиз учун қутлуғ жойлардан бири бўлмиш майдондаги бобомиз ҳайкали олдида бўлиб ўтган ғарибона томоша кўпчиликка маъқул бўлмагани кундай равшан бўлди. Энг аввало, бу томоша улуғ бобомиз номи билан аталган университет олдида бўлиб ўтгани ғурумизга тегди. Зеро, олдин ҳам айтганимиздек, бу майдон кўпчилигимиз учун университет тимсолларидан бирига айланган", деган шоир.
QALAMPIR.UZ видео муаллифи Э.М. билан ҳам боғланиб, тарқалган видео тўғрисидаги ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
"9 февраль куни эрталабдан Алишер Навоийнинг 583 йиллик таваллуди Адиблар хиёбонида ҳайкал пойига гул қўйишдан бошланди. Биз гуруҳ билан эрталабдан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги академик лицейда тадбир ташкил қилдик. Кечки соат 18:00да телевидениега ҳам таклиф қилинган эдим. У ердан чиқиб, хонага қайтаётганимда университетнинг ёнида байрам бўлаётган экан. Ўша ҳаммамизни ҳайратга солган, шов-шувли видеони олдим ва Facebook'га жойладим”, дейди у
Видео муаллифига кўра, кўпчилик бу постни унинг саҳифасидан олиб, “Алишер Навоийни хотирлаб, университет ёшлар учун дискотека ташкил қилиб берибди”, қабилида хабар тарқатган.
“Бу тадбир Яккасарой тумани ҳокимлиги томонидан ҳар йили ўтказилиб келинадиган тадбир экан. Бу йилгиси ҳам об-ҳаво яхши бўлгани сабабли, шу куни ўтказилган. Буни ҳокимиятнинг расмий каналларига кириб, текшириб кўрдим”, дея қўшимча қилди талаба.
Сўзини якунлар экан, видео муаллифи жамоатчилик фаоллари, блогерларга бундай хабарларни тарқатаётганда, воқеага холис баҳо беришларини ва қандай мурожаати бўлса, Яккасарой тумани ҳокимлигига мурожаат қилишларини сўраган.
LiveБарчаси