Uzbekistan Airports “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунни бузди
Жамият
−
27 Март 2023
11367“Uzbekistan Airports” АЖ “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддаси талабига зид равишда давлат харидлари жараёнида иштирокчиларга рақобатни чекловчи шартлар киритилгани аниқланган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш олиб борганини маълум қилди.
Унга кўра, ушбу қонунбузилиш ҳолатига “Uzbekistan Airports” АЖ буюртмачилигида 2023 йил 7 февраль куни 4,3 млрд сўмга жиҳозлар харид қилиш бўйича ўтказилган давлат харидини амалга оширишда йўл қўйилган.
Бундан ташқари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали буюртмачилигида ҳам 2023 йил 10 февраль куни 2,6 млрд сўмга “Темир-бетон устун” харид қилиш бўйича ўтказилган давлат хариди ўрганилганда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10, 14, 46-моддалари талаблари бузилганлиги маълум бўлган.
“Шунингдек, Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигидаги 2023 йил 10 февраль куни 796 млн сўмга тиббий асбоб ускуналар сотиб олиш бўйича ўтказилган давлат харидида аффилланганлик ҳолатларига баҳо берилмаганлиги аниқланди. Мазкур ҳолатларда харид комиссияси томонидан ўзаро аффилланган иштирокчилар харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатилмасдан Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддаси ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддаси талаблари бузилган”, дейилади агентлик хабарида.
Қайд этилишича, шу йил февраль ойининг ўзидаёқ жами 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
“Агентлик томонидан мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда келгусида шу каби ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида буюртмачиларга 26 та тақдимнома, шунингдек, аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди”, дея ўз ҳисоботида ёзган Антикоррупция агентлиги.
Агентлик томонидан киритилган тақдимнома ва сўровномалар натижасида 12 та давлат хариди бекор қилинган ҳамда 7 та маъмурий иш қўзғатилгани маълум бўлди.
Маълумот ўрнида, вазирлик ва идоралар томонидан 2023 йилнинг февраль ойида жами 4,35 трлн сўмлик 77 411 та давлат харидлари амалга оширилган.
Шундан 234,2 млрд сўмлик 39 006 та харидлар электрон дўкон, 25,5 млрд сўмлик 1 895 та харидлар электрон аукцион, 203 млрд. сўмлик 2 103 та харидлар энг яхши таклифни танлаш, 107,5 млрд. сўмлик 521 та харид тендер, 1,5 трлн сўмлик 9 989 та харидлар ягона етказиб берувчилар билан, 2,28 трлн. сўмлик 23 897 та харидлар тўғридан-тўғри шаклда амалга оширилган.
“Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан бюджет буюртмачилари томонидан махсус ахборот порталлари орқали амалга оширилаётган давлат харидларига оид эълонлар доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Ўрганишларда айрим давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланмоқда”, деган агентлик.
LiveБарчаси