Ўзбек шифокорлари илк бор сиам эгизакларини ажратиб олди
Жамият
−
19 Январь 2023
26729Ўзбекистонда илк бор ўзбек шифокорлари томонидан сиам эгизакларини ажратиш операцияси ўтказилди ва муваффақиятли амалга оширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу сиам эгизаклари 2022 йил 31 майда Қирғизистонда дунёга келган. Чақалоқлар туғилганда уларнинг умумий вазни 1 600 грамм бўлган ва уларга Фотима ва Зуҳра деб исм қўйилган. Улар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, яъни опа-сингилларнинг фарзандларидан дунёга келган.
Туғуруқдан 10 кун ўтгач, ота-онага болаларнинг яшаб қолиш имкони умуман йўқлиги айтилиб, уйига рухсат берилган. Аммо ота-она Ўзбекистондаги Республика перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия маркази раҳбари Бахтиёр Эргашевга ушбу масалада мурожаат қилган.
Операция 2022 йилнинг 19 декабрь куни 3 соат давомида бўлиб ўтган. Ушбу мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли амалга оширилган. Фотима ва Зуҳра танасининг қорин қисми, аниқроғи, жигари билан бирлашган эди. Битта ички аъзоларга эга эгизакларни ажратиш эса ўта мураккаб ва хавфли операция бўлган. Беморларнинг ўт пуфаклари алоҳида-алоҳида шакллангани операцияни муваффақиятли амалга оширишига сабаб бўлган.
Операцияда иштирок этган мутахассислар Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов томонидан “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
Маълумот учун, сиам эгизаклари танасининг маълум бир қисми бирлашган ҳолда туғилади. Уларнинг ички органлари ҳам бирлашган бўлиши мумкин. Танаси туташ чақалоқларни вақти келиб жарроҳлик йўли билан ажратиш мумкин, бироқ умумий ички аъзоларга эга эгизакларни танасидан ажратиш деярли имконсиз.
Одатда, сиам эгизаклари 200 минг ҳолатда бир марта учраши мумкин. Маълумотларга кўра, уларнинг аксарияти ўлик ҳолатда дунёга келади. Тирик туғилганларининг 5 фоиздан 25 фоизгача бўлган қисми узоқ умр кўриш бахтидан бенасиб бўлади.
Шу пайтгача Ўзбекистонда бу турдаги амалиёт фақат бир марта Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилган. Унда ҳам операция чет элдан чақирилган мутахассис бошчилигида ва бевосита иштирокида кечган.