Ўзбек олими Чингиз Айтматов номидаги мукофот билан тақдирланди
Олам
−
31 Октябрь 2022
4351Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов Чингиз Айтматов номидаги мукофот билан тақдирланди. Самарқандда ўтказилган МДҲ Парламентлараро ассамблеяси сессиясида шундай қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлисда олимга мукофотни Қирғизистон Республикаси делегацияси раҳбари Нурланбек Шакиев топширди.
Шуҳрат Сирожиддинов матншунослик ва адабиётшунослик соҳасида йирик олим сифатида танилган, ўзбек мумтоз адабиёти, диншунослик ва таржима назариясига оид қатор илмий асарлар муаллифи. Олим 140 дан ортиқ илмий мақола, 16 монография ва ўқув қўлланмалари тузган.
“Чингиз Айтматовдек улуғ ёзувчи номи билан боғлиқ мукофотни олиш жуда катта шараф. Камтарона хизматларим шундай мукофотга лойиқ кўрилганидан жуда мамнунман. Халқларимиз бой маданиятини тарғиб этиб, дўстлик ва тинчликка хизмат қилувчи фаолиятимизни янада ривожлантирамиз”, дейди Шуҳрат Сирожиддинов.
Чингиз Айтматов номидаги мукофот Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши таклифи билан 2012 йил ноябрь ойида таъсис этилган.
Мукофот ҳар йили маданият, маърифат соҳасидаги хизматлари, гуманитар фанлар, адабиёт ва санъат ривожига, маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш, маданиятлар, миллатлар ҳамда элатларни яқинлаштириш, ўзаро бойитиш, тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга, шунингдек, давлатлар ўртасидаги маънавий алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳисса учун берилади.