Арипов Иссиқкўлда мавқедоши билан учрашди (фоторепортаж)

Жамият

image

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров иштирокида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати портали хабар берди.

Икки давлат Бош вазирлари бошчилигида ўтган йиғилишда сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасида кенг қамровли ва ўзаро манфаатли алоқалар жадал ривожланиб бораётгани, бунда, Президентларнинг сиёсий иродалари, мунтазамлик касб этган дўстона ва ишончли мулоқотлари асосий омил бўлиб хизмат қилаётгани урғуланган.

Қайд этилишича, мамлакатлар орасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Унинг ҳажмини 2 млрд долларга етказиш имконияти мавжуд бўлиб, сув хўжалиги, энергетика, транспорт, автомобилсозлик ҳамда бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

Учрашувда саноат кооперацияси соҳасида катта имкониятлар мавжудлиги, бу борада Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фонди салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилган.

Шунингдек, энергетика, сув хўжалиги, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашилган. Маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро маданият кунлари, этноспорт фестиваллари, тадбирлар, концерт ва кўргазмалар ўтказиш ташаббуси илгари сурилган.

“АКИpress” нашрига кўра, ноябрь ойида Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари доирасида ёзувчи Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигини нишонлаш режалаштирилган.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-йиғилиши якунлари юзасидан баён имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 август куни  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Қирғизистонга борганди. Ўзбекистон делегациясини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров қабул қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов Чингиз Айтматов Оқилбек Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг