Абдулла Арипов Қирғизистон Президенти билан учрашди
Жамият
−
15 Август 2023
4633Бугун, 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Қирғизистонга борди. Ўзбекистон Республикаси делегациясини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров қабул қилди.
Суҳбат аввалида Абдулла Арипов Қирғизистон раҳбарига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.
Ўз навбатида, Садир Жапаров Ўзбекистон етакчисини ва бутун халқини Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор самимий табриклаган.
Учрашувда Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт, сув ва қишлоқ хўжалиги ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Қирғизистонга амалий ташрифи давом этмоқда. 15-16 август кунлари Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10 йиғилиши бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Иссиқкўл халқаро аэропортида Ўзбекистон Бош вазирини Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Бакит Тўробоев кутиб олганди.
LiveБарчаси