Ўзбек миллий ўйинлари бутун дунёда ривожланади – Эрдўғаннинг ўғли

Спорт 9584
3

Ўзбекистонда янгидан янги ўйинлар, спорт турлари, хоҳ кўпкари, хоҳ белбоғли кураш бўлсин янада кенг тарқалади ва бутун дунёда ривожланади. Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси Нажмиддин Билол Эрдўған кеча, 8 октябрь куни “Ўзбекистонда этноспортнинг ривожланиш истиқболлари” мавзусида ўтказилган Халқаро конференцияда шундай фикр билдирди.

“Ўзбекистонда кўпкари, улоқ деб аталадиган халқ ўйинлари ривожланган ва ҳақиқатан ҳам ажойиб спорт тури. Бундан ташқари белбоғли кураш ўзбек ва татар халқларида жуда ҳам муҳим спорт турларидан бири. От устида кураш ўйини эса қадимдан Ўзбекистонда об-ҳаво совуқ пайтларида ҳам ўйналган. Туркияда, хусусан Онадўлида ҳам бу ўйинлар ўйналган. Мен санаб ўтган спорт турлари Ўзбекистон учун муҳим бўлгани каби, Онадўли учун ҳам қадрли. Биз бу спорт турлари билан фақатгина бир жойда эмас, керак бўлса, уйларда, маҳаллаларда, кўчаларда, майдонларда шуғулланиш тарафдоримиз. Ишонаманки, қисқа вақт ичида Ўзбекистонда янгидан янги ўйинлар, спорт турлари, хоҳ кўпкари, хоҳ белбоғли кураш бўлсин янада кенг тарқалади ва бутун дунёда ривожланади”, дейди Билол Эрдўған.

Шунингндек, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси ўз оиласида этноспорт билан шуғулланувчилар борлиги, отаси Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ушбу спортга муносабати ҳақида ҳам фикр билдирди.

“Бизнинг Президентимиз (Ражаб Тойиб Эрдўған – таҳр.) – футболчи. Лекин, футбол этноспорт турларига кирмайди. Аммо, жаноб Эрдўған томонидан сўнгги йилларда камондан отиш спорти қўллаб-қувватланмоқда. 2012 йилда Туркияда “Камондан ўқ отиш жамғармаси” ташкил этилди. У ташкил этилган жойда 600 йиллик тарихий марказ ҳам барпо этилди.

Олимпия ўйинларида камондан ўқ отиш спорт тури бўйича туркиялик Мета Газос олтин медални қўлга киритиши жуда муҳим тарихий воқеа бўлди. Биласизки, бу спортда бугунга қадар бирор марта туркий мамлакатлар вакиллари олимпия медалига эга бўлмаганди. Аммо, 8 йиллик меҳнатларимиз натижасида бу натижага эришишни уддаладик. Жамғармамизнинг илк ташкил этилган йилларида ўзим ҳам этноспорт билан шуғулландим, лекин узоқ давом эттиролмадим. Мендан сўнг, ўғлим ҳам ўзини синаб кўрди.

Бугунги кунда, Туркияда от миниш бироз унутилди. Бу спорт тури яна танилиши учун қайта ривожлантиришга ҳаракат қилдик. От спорти шаҳарларда жуда машҳур. Шу сабабли унинг янада оммавийлашиши учун бу спортга катта маблағ ажратяпмиз. Аста-секин от спорти марказларини очмоқдамиз. Анқарада президентимиз ташаббуси билан камондан ўқ отиш ва от спорти маркази ўз фаолиятини бошлади”, дейди Нажмиддин Билол Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси Нажмиддин Билол Эрдўған, Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси раиси Ойбек Норинбоев иштирок этди ва “Халқ ўйинларини ривожлантириш” ва “Федерациялар ўртасида ҳамкорлик” меморандуми имзоланди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 147
Рейтинг: 3
t
×