Миллий спорт турларини бирлаштирувчи Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси ташкил этилди
Спорт
−
08 Октябрь 2021
5256Бугун, 8 октябрь куни “Ўзбекистонда этноспортнинг ривожланиш истиқболлари” мавзусида ўтказилган Халқаро конференцияда Ўзбекистон Миллий этноспорт уюшмасини тузиш ва ташкил этиш тўғрисида расмий келишув имзоланди ҳамда унга раҳбар тайинланди.
Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси Нажмиддин Билол Эрдўған, Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси раиси Ойбек Норинбоев иштирок этди.
“Бугунги тадбиримизда мамлакатимиз маданияти ва тарихининг ажралмас қисми бўлган халқ ўйинларини қайта тиклаш, ривожлантириш ва оммалаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтамиз. Халқ ўйинлари қадимдан давлатчилик шаклланиши, жамоани бирлаштириш ва ҳимоя қилишда ҳам юксак аҳамият касб этган. Бугунги кунда, улар шахсни жисмонан соғлом, қатъиятли, сабр-матонатли, ҳозиржавоб ва маънавий етук бўлиб камол топишига хизмат қилмоқда. Бир халқнинг тарихи минг йиллар давомида шакллангани унинг моддий ва маданий бойликларида, этнографиясида акс этади. Халқ ўйинларимизнинг сони ва ранг-баранглигига қараб, ўзбек халқи Ўрхун-Энасой битикларидан ҳам кексароқ, деган хулосага келиш мумкин. Этнограф олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, миллий ўйинлар сони 3-5 мингтани ташкил этади. Ҳар бир қишлоқ, туман ва шаҳарларда ўйналадиган халқ ўйинлари бир-биридан фарқ қилади. Юртимизда улоқ, кўпкари, от устида кураш, белбоғли кураш, тош кўтариш, хўроз уриштириш, беш тош, қирқ тош, ошиқ, дорбоз, чиллаки каби ўйинлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Халқимиз ор-номуси, ғурури бўлган миллий курашимиз қисқа вақт ичида катта аҳамият касб этгани қувонарли ҳолат”, дейди Абдуҳакимов.
Шунингдек, Туризм ва спорт вазири ўз нутқида халқ ўйинларини тиклаш ва оммалаштириш учун бир қатор таклифларни илгари сурди:
“Халқ ўйинларининг унутилиши ва йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш ҳамда келажак авлодгга етказиш учун ягона Ўзбек халқ ўйинлари энсиклопедиясини яратиш ва бошқа тилларга таржима қилиш, Наврўз умумхалқ байрами ва анъанавий Бойсун баҳори фестивали доирасида халқ ўйинлари учун алоҳида дастур жорий қилиш ва шу орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш, 2022 йилда Жиззах вилоятида “Зомин этноспорт челенж” халқаро тадбирларини ташкил этиш, бундан ташқари Бухорода этноспорт ўйинлари мусобақасини уюштиришни ўз олдимизга режа қилиб қўйдик. Ота-боболаримиздан мерос халқ ўйинларини оммалаштириш учун бошлаган ишимиз хайрли бўлсин. Барчага омад ва зафарлар тилаб қоламан”.
Ўз навбатида, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси Нажмиддин Билол Эрдўған Ўзбекистонга таклиф этилгани учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда спортга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.
“Ҳурматли вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири ҳамда ҳурматли мехмонлар, аввало таклиф учун катта раҳмат. Сўнгги 3 йилда Ўзбекистонга таҳминан 5 марта ташриф буюрдим. Ҳақиқатан ҳам жуда оз муддатда юртингизда халқ ўйинларига алоқадор ютуқларга гувоҳ бўлаётганимдан жуда мамнунман. Ўзбекистон ва Туркия урф-одатлари яқин бўлган мамлакатлардир. Ҳар бир ташрифимизда зиёрат масканлари ва бу ернинг тарихий обидаларини кўришдан бахтлимиз. Бу сафар яқинларим ва оила аъзоларимни ҳам олиб келдим. Ихтиёрий равишда Ўзбекистоннинг Туркиядаги туризм воситачисига айландим (кулади). Бу икки мамлакат ўртасидаги яқинликнинг юзага чиқиши, мамлакат президентларининг дўстлиги сабаблидир. Сизларга Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг саломини етказиб қўймоқчиман. Бугун Ўзбекистонда этноспорт ассоциациясининг очилиши ва икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун йиғилиб турибмиз. Келажакда ўзбек халқ ўйинлари ва миллий спорт турларининг ривожи учун ҳаракат қиламиз”, дейди Нажмиддин Билол Эрдўған.
Маросимда Япония мамлакатида карате, сумо, дзюдо, Хитойда ушу ва кунг-фу, Кореяда таэквондо, Англияда футбол ва бокс, Канадада хоккей ривож топиб, оммалашгани сингари Ўзбекистонда ҳам кураш, белбоғли кураш, турон, улоқ-кўпкари спорт турларини ривожлантириш ҳақида сўз борди.
Тадбир якунида Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси Нажмиддин Билол Эрдўған ва Азиз Абдуҳакимов, шунингдек, янги ташкил этилган Ўзбекистон миллий этноспорт ассоциациясининг раиси Ойбек Норинбоев иштирокида “Халқ ўйинларини ривожлантириш” ва “Федерациялар ўртасида ҳамкорлик” меморандуми имзоланди.
Бунга қадар, 2020 йилнинг 24 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5924-сонли фармонига мувофиқ, бир нечта ихтисослаштирилган муассасалар вакиллари, шу жумладан Жангчи-полвонлар миллий маркази, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси, Ўзбекистон камар ва учкураш уюшмаси, Камондан отиш миллий федерацияси ва Белбоғли кураш спорт федерацияси ўртасида Миллий этноспорт ассоциациясини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинган.
LiveБарчаси