Ўзбек-қирғиз чегарасидан психотроп модда олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди
3-саҳифа
−
02 Февраль 1426 2 дақиқа
Ўзбек-қирғиз чегараси орқали кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор тадбирда ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг Фарғона вилояти Риштон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмини бузиб, қўшни давлатдан кириб келган Учкўприк туманида яшовчи шахс қўлга олинган.
Холислар иштирокида текширилганда, унинг ёнида умумий баҳоси 1 млрд 320 млн сўмни ташкил этувчи 9 542 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 1-қисми, 246-моддаси (контрабанда) 1-қисми ва 251-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, “Зардекс” дори воситаси таркибида бўлган “Прегабалин” моддаси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги 818-сонли қарорига мувофиқ, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган ва унинг эркин муомаласи чекланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Қирғизистондан қўй олиб кирмоқчи бўлганлар қўлга олинганди.
Live
БарчасиАлиев ишчи ташриф билан БААга борди
02 Февраль