Ўзбек футболида яна тўполон: “Навбаҳор” – “Қизилқум” учрашувида ҳакамлар ноҳақлик қилган

Спорт

image

Кеча, 16 сентябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 19-туридан ўрин олган Наманганнинг “Навбаҳор” ҳамда Навоийнинг “Қизилқум” жамоалари ўртасидаги учрашувда баҳсли вазият юзага келди. Яъни, ўйиннинг 85-дақиқасида “лочинлар” футболчиси Азим Аҳмедов жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади. Бош ҳакам эса вазиятни VAR орқали кўриб пенальти белгиламади. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон футбол ҳакамлари марказининг Ҳакамлар комиссияси баёнот билан чиқди.

Ҳакамлар комиссиясининг баёнотида айтилишича, учрашувни бошқариб борган Абдурашид Худойберганов Наманган клуби дарвозасига 11 метрлик жарима зарбасини белгилаб, Азим Аҳмедовга сариқ карточка кўрсатилиши керак бўлган.

“Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-туридан ўрин олган "Навбаҳор" ҳамда “Қизилқум” учрашувининг 85-дақиқасида мезбонлар жарима майдончаси ичида рўй берган ҳолат Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан кўриб чиқилди. Унга кўра, "Қизилқум"нинг 21-рақамли футболчиси Орифхўжа Абдуҳолиқов тўп учун курашда "Навбаҳор" вакили Азим Аҳмедовга нисбатан қўполлик ишлатмаган, аксинча дарвоза томон кетаётган тўп Азим Аҳмедовнинг қўлига тегиб, юқорига кўтарилиб кетган. Бу вазиятда футболчи қўлини юқорига кўтариб, ўз танасини нотабиий равишда катталаштириб, тўпнинг йўлини тўсган. Ҳакам бу вазиятда Азим Аҳмедовга сариқ карточка кўрсатиб, "Навбаҳор" дарвозаси томон пенальти белгилаши керак эди”, дейилади Эксперт-ҳакамлар комиссияси баёнотида.

Шунингдек, Эксперт-ҳакамлар комиссияси учрашув бош ҳакамига чора кўрилиши учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ҳакамлар қўмитасига тақдимнома киритгани ҳам маълум қилинган.

Қайд этиш керакки, ушбу баёнот ўзбек футболи жамоатчилиги томонидан катта ҳайратланиш билан кутиб олди. Сабаби, бундай қарор “Навбаҳор”нинг ашаддий мухлислари ичида катта резонансга сабаб бўлиши мумкин.

Маълумот учун, ўйин 1:0 ҳисобида “Навбаҳор”нинг ғалабаси билан якунланди. Агарда мавжуд 11 метрлик жарима зарбаси берилганда, учрашув дурранг билан якунланган бўларди.


Мақола муаллифи

Теглар

“Навбаҳор” “Қизилқум”

Баҳолаганлар

769

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг