Ўзбек боксида бурилиш қилган Исроил Тошкентга қайтди
Спорт
−
08 Август
7780Американинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтган катта профессионал бокс оқшомида Исроил Мадримов ўзига тегишли Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) камари ҳамда биринчи ўрта вазнда вакант, Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) камари учун айни вақтда дунёнинг энг яхши боксчиларидан бири бўлиб турган Теренс Кроуфорд билан жанг қилиб, рақибига муносиб қаршилик кўрсатди ва кўп жиҳатларда америкалик бокс юлдузидан устунликни ҳам тортиб олди, бироқ якунда Америка ҳамда канадалик ҳакамлар 36 ёшли Кроуфорднинг ғалабасини қайд этди.
Исроил Мадримовга кўра, Кроуфорд бу вазнда камарга даъвогар боксчи эди, шунинг учун Теренс жангда каттароқ устунлик билан ғалаба қозониши керак бўлган, аммо Кроуфорд жангда яққол устунлик билан ғалабага эришмаган бўлса ҳам якунда унинг қўли юқорига кўтарилди.
“Камида дуранг қайд этилиши керак эди. Промоутерим Эдди Хирн айтганидек чемпиондан камарни тортиб олиш учун, яққол устунлик билан ютиш керак бўлади, бироқ Кроуфорд билан баҳсда устунлик кўпроқ мен томонда бўлди. Бу мавзу ҳамон бокс мутахассисларию, ижтимоий тармоқларда ҳамон муҳокама бўлмоқда. Бу жанг мен учун барибир ғалабага тенг”, дейди Мадримов.
Жанг ҳамон мунозараларга сабаб бўлаётгани, боз устига Кроуфорд баҳсли қарор билан ғалаба қозонгани учун реванш жанги ташкил этилиши мумкин.
“Ҳозир бироз вақт ўтишини кутамиз. Бошқа версиялар бўйича ҳам жанг ўтказиш имкониятига эгаман. Иккала боксчининг ҳам режаларига қараб томонлар бир қарорга келади. Ҳозир менежерларим реванш масаласида ҳам иш олиб бормоқда. Кроуфордга қарши жангда қатнашиб, кўпчиликнинг эътиборига тушганим учун кейинги жангим ҳам нуфузли бокс турнирида ўтказилиши эҳтимоли юқори”, дейди ўзбекистонлик боксчи.
Гарчи мағлубиятга учраган бўлса ҳам жангдан 750 минг доллар фойда кўрган Исроил Мадримов Ўзбекистонда муносиб кутиб олиниши баробарида Тошкент шаҳридан янги хонадонга ҳам эга бўлди.
Мадримов кейинги ўйинни қачон ва кимга қарши ўтказади? Бу саволларга тез орада жавоб олинади. Спортчининг ўзи айтишича, кейинги жанг яна камар учун фақат WBA эмас, балки бошқа йўналишда жаҳон чемпионлиги йўлида ўтказилиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь