“Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Рўзиқулов Ўзбекистон гимнастика федерацияси раҳбари этиб сайланди
Бизнес
−
20 Июнь 2023
480817 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия Қўмитасида бўлиб ўтган Ўзбекистон гимнастика федерациясининг ҳисобот-сайлов конференциясида "Ўзавтосаноат" АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Рўзиқулов Ўзбекистон гимнастика федерацияси раҳбари этиб сайланди.
Гимнастика федерацияси раҳбарлигига номзодни тайинлаш овоз бериш якунларига кўра бўлиб ўтди ва Конференция иштирокчилари ушбу масъулиятли лавозимга Улуғбек Рўзиқуловни бир овоздан маъқулладилар.
Конференция давомида Улуғбек Рўзиқулов ўсиб келаётган ёш авлод ҳаётида, қолаверса, уларнинг ривожланишида спорт муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб, Федерациянинг Олимпия ҳаракатларида юксак нуфузга эришганини алоҳида таъкидлади. Федерация бугунги кунда дунёнинг 162 та миллий гимнастика федерациялари ичида тўртта - спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, трамполин ва спорт акробатикаси каби йўналишлар бўйича 9-ўринни эгаллаб келмоқда.
"Бугун Ўзбекистон гимнастикаси спортчиларимизнинг йирик халқаро турнирларда юксак натижалар қайд этиб, жаҳон ареналарида юқори мавқега эга бўлмоқда. 2022 йилнинг декабрь ойида Давлат раҳбари Ўзбекистон гимнастикасининг ривожланиш тарихида туб бурилиш ясовчи қарорни қабул қилди. Бу билан Федерация олдига улкан вазифалар қўйилди ва ишончим комилки, гимнастикачилар, мураббийлар, шифокорлар ҳамда Ўзбекистон гимнастика федерациясининг бутун жамоаси билан биргаликда жамоамизнинг спортдаги салоҳиятини сақлаб қолиш ва уни ошириш орқали барча мақсадларимизга эришамиз," деди Улуғбек Рўзиқулов.
“Ўзавтосаноат” кўп йиллардан буён миллий гимнастикани қўллаб-қувватлаб келмоқда. Компания раҳбарияти бундан кейин ҳам ушбу ҳайрли анъанани давом эттириш ҳамда спортчиларнинг юксак натижаларга эришиши учун барча шарт-шароитларни яратишни мақсад қилмоқда.
LiveБарчаси