“Ўзавтосаноат” Антимонополия қўмитаси вакилини тафтиш комиссияси аъзолигидан чиқарди

Жамият

image

“Ўзавтосаноат” АЖнинг тафтиш комиссияси аъзолари таркибига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, тафтиш комиссияси аъзоси Виктория Валерьевна Мустафинанинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Бу ҳақда ушбу йиғилишида қабул қилинган қарорда сўз боради.

Монополияга қарши курашиш қўмитасида Товар, молия ва рақамли бозорларда бозор концентрациясини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган Виктория Мустафина “Ўзавтосаноат” АЖнинг тафтиш комиссияси аъзоси ҳам эди.

Айрим хабарларда келтирилишича, Мустафина ўз аризасига кўра ишдан бўшатилган.

Қайд этилишича, Виктория Мустафинанинг ўрнига Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Алижон ўғли Бадалбоев тафтиш комиссияси аъзоси сифатида тасдиқланган.

Маълумот ўрнида, "Ўзавтосаноат" АЖнинг тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомга кўра, тафтиш комиссияси жамиятнинг назорат органи ҳисобланади ва у компания ягона акциядори томонидан сайланади. Ушбу комиссия компаниянинг молия-хўжалик фаолиятини ички назорат қилишни амалга оширади.

Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “Ўзавтосаноат” АЖ назоратидаги “UzAutoMotors” АЖ ўртасида бир неча ойдан бери кураш боряпти. Қўмита томонидан “UzAutoMotors” АЖда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган иш якунида махсус комиссия компания автомобиллар нархларини ассоссиз оширганини тасдиқлаганди.

Шунга кўра, комиссия "UzAutoMotors” АЖга бугундан бошлаб нархларни асоссиз оширилган қисмини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган. Бундан ташқари автомобилни қимматга сотиб олганларга пулларини қайтариш ҳам белгиланганди.

Бироқ компания махсус комиссия қарори устидан судга шикоят қилди. Судда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ютқазди. Кейинроқ эса ташкилот суд қарори устида апелляция шикояти киритди. Суд уни қабул қилди ва иш 11 декабрь куни қайтадан кўриб чиқилишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзавтосаноат

Баҳолаганлар

181

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг