Уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади – Мирзиёев

Интервью 8937
image

Ўзбек халқи 100 йил эгилиб пахта терди. Миллионлаб одамлар ҳар йили пахта даласига мажбуран олиб чиқилди. Энг ачинарлиси, улар орасида болалар ҳам бор эди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуотга берган илк интервьюсида сўз борган. 

“Собиқ мустабид тузум даврида “тепа”дан буйруқ бўлмаса, бир қадам босишга ҳам ҳаққимиз йўқ эди. Аҳвол шу даражага етиб борган эдики, уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади. Мактаб болаларини ҳам пахтага ҳайдадик. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ўз даврида чуқур дард ва изтироб билан “Миллион эгатларга сочилган ўзбек”, деб ёзганидек, юз йил эгилиб пахта тердик.

Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Мана, уч йилдан буён улар бу машаққатдан қутулди. Қанчалик қийин бўлмасин, бу соҳада биз бозор иқтисодиётининг синалган ва самарали усулларини, жумладан, кластер тизимини жорий этдик. Кластерлар ёрдамида гектаридан пахта бўйича – 50 центнер, ғалла бўйича 100 центнердан ҳосил олишни кўзлаяпмиз ва бу марраларга албатта эришамиз”, дейди Президент. 

Давлат раҳбари сўзида давом этаркан, мамлакатда тезлик билан ҳал этилиши керак бўлган бошқа ўткир муаммолар ҳам йиғилиб қолганини афсус билан қайд этди. 

“Ҳаммаси жойида, деган кайфият билан уларни билиб – билмаганга, кўриб – кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юравериш ҳам мумкин эди. Лекин бу ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат бўларди.

Очиқ айтмоқчиман: менинг табиатим бундай сохта ҳаётни мутлақо қабул қилолмайди. Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир. Мен миллионлаб инсонларнинг тақдири учун масъулиятни зиммамга олган эканман, ислоҳотлар борасида бошқача йўл тутишим, ҳаммасини аввалгидек қолдиришим асло мумкин эмас.

Такрор айтаман: олдимизда турган ишларнинг барчасини ўзимиз, ўз кучимиз билан қилишимиз керак, ҳеч ким четдан келиб биз учун биронта муаммони ҳал қилиб бермайди”, дейди Президент Мирзиёев. 

Эслатиб ўтамиз, тез орада Шавкат Мирзиёев Президент лавозимини эгаллаганига 5 йил тўлади. Амалдаги давлат раҳбарининг номзоди жорий йилнинг октябрь ойида ўтказиладиган Президент сайловида ЎзЛиДеП партиясидан илгари сурилган

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 238
Рейтинг: 3
t
×