Ўтган ярим йилликда қарийб 5 млрд киловатт-соат электр энергияси йўқотилди
Жамият
−
27 июл 1895 1 дақиқа
Энергетика тизимида тармоқдаги электр энергияси йўқотишлари ўтган ярим йилликда қарийб 5 миллиард киловатт-соат бўлган. Бу ҳақда Президент бугун, 27 июль куни ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз очди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бугунги кунда айрим ҳокимларда инфратузилмани яхшилаш бўйича аниқ ҳисоб-китоб мавжуд эмас.
Қайд этилишича, тармоқдаги йўқотишлар 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган олти ойда 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси йўқотилган.
Андижон шаҳри, Асака, Янгиобод, Косон, Кўкдала, Бойсун, Олтинсой, Қўштепа, Тошлоқ, Қўшработ ва Самарқанд туманида йўқотишлар 25 фоиздан юқори.
АСКУЭ ва АСКУГ тизими жорий қилинганига тўрт йилдан ошган бўлса-да, аҳоли хонадонларига ўрнатилган 300 мингта газ ва 234 мингта электр ҳисоблагич тармоққа маълумот узатмаяпти. Оқибатда айрим ҳудудларда дебитор қарздорлик камайиш ўрнига кўпаймоқда.
Лекин кўп раҳбарлар самарадорлик деганда фақат қуёш панели ўрнатишни тушуниб юргани, уй энергия самарадор бўлмаса, сарфланган маблағ беҳуда кетавериши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг июнь–июль ойларида электр тармоқларида қарийб 4 мингта авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8–10 соатгача электрсиз қолгани маълум қилинганди.
Live
Барчаси