Энергетикадаги узилишлар назорат ва интизомдаги камчилик оқибати – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
27 июл 2100 2 дақиқа
Жорий йилнинг июнь–июль ойларида электр тармоқларида қарийб 4 мингта авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8–10 соатгача электрсиз қолди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 июль куни ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз очди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ҳудудларда электр тармоқлари деярли бир хил бўлишига қарамай, айрим туманларда тизим барқарор ишлаётган бўлса, бошқаларида авариялар мунтазам такрорланмоқда. Бунга эса назорат ва ижро интизомидаги фарқлар сабаб бўлаётгани қайд этилган.
Президент Энергетика вазирлиги ҳамда унинг қуйи бўғинларидаги раҳбарларда ижро ва масъулият етишмаётганини танқид қилган. Унга кўра, айнан шу сабабли аҳоли ва тадбиркорлар тизим фаолиятидан норози.
“Такрор айтаман: тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг қилаётган иши, энг аввало, одамларнинг ҳаётида, турмуш тарзида сезилиши, тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиши керак”, деган Президент.
Қайд этилишича, ҳар йили ёз ва қиш мавсумида ўнлаб подстанцияларда авариялар юз бериб, юзлаб трансформаторлар ишдан чиқмоқда. Фақат жорий йилнинг июнь–июль ойларида қарийб 4 мингта авария содир бўлган. Оқибатда аҳоли ва тадбиркорлар 8–10 соатгача электр таъминотисиз қолган.
Шунингдек, сўнгги беш йилда Ширин шаҳри, Янгиҳаёт ва Яккасарой туманлари ҳамда Оҳангарон туманида электр энергияси истеъмоли икки баробардан кўпроқ ошгани қайд этилган. Бироқ, Президентнинг сўзларига кўра, масъуллар ва маҳаллий ҳокимликлар тармоқларнинг бундай юкламани кўтара олишини олдиндан ҳисобга олмаган.
Давлат раҳбари электр узилишлари тадбиркорлар ва иқтисодиётга етказаётган зарар миқдори ҳисоблаб чиқилмаётганини ҳам танқид қилган. Шунингдек, ҳокимлар ўз ҳудудларидаги энергия истеъмоли балансини аниқ билмагани сабаб миллиардлаб сўмлик маблағ самарасиз сарфланаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишда энергетика тизимидаги муаммолар соҳага кам пул ажратилганида эмас, балки тизимнинг ўзида эканлигини айтган эди.
Live
Барчаси