Ўтган олти ойда ҚҚС бўйича тушум 2 трлнга камайди – Тимур Ишметов
Жамият
−
26 Август 2020
5186Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 58,2 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йил мос даврига нисбатан 7,5 трлн сўмга кўп маблағлар ундирилган. Йилнинг биринчи чорагида солиқ даромадлари биринчи чоракка нисбатан - 1,7 трлн сўм ёки 7 фоизга пасайган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Тимур Ишметовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этган Давлат буджетининг 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси юзасидан маърузасида сўз боради.
Март ойининг учинчи декадасидан карантин бўйича қатъий чекловлар киритилиши айрим йўналишдаги тадбиркорлик фаолиятининг тўхташи ёки фаоллигининг қисқариши туфайли ҳамда берилган солиқ имтиёзларини ҳам инобатга олган ҳолда, иккинчи чоракда солиқ даромадлари биринчи чоракка нисбатан - 1,7 трлн сўм ёки 7 фоизга пасайди.
Умуман олганда, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига солиқ тушумлари 45,9 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йил мос даврига нисбатан 6,8 трлн. сўмга (17,2 фоиз) кўп маблағлар ундирилган.
Тушумларни асосий солиқлар кесимида қисқача таҳлил қилинганда, қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий йил январь-июнь ойларида тушумлар 14,3 трлн сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 трлн сўмга камайиб, йиллик прогнозга (44,2 трлн сўм) нисбатан эса 32 фоизни ташкил этганини кўриш мумкин.
“Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумларнинг камайишига қўшилган қиймат солиғи ставкасининг 2019 йил 1 октябрдан 20 дан 15 фоизга камайтирилиши ва тадбиркорлик субъектлари иқтисодий фаоллигининг пасайиши каби омиллар ҳам таъсир қилган”, дейди Ишметов.
Вазирнинг қайд этишича, сотиб олинган асосий воситалар бўйича ҚҚС 12/36 ой давомида тенг улушларда эмас, балки бир йўла қопланмоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида солиқ тўловчиларга қоплаб берилган ҚҚС суммаси 1,6 трлн сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробардан кўпроққа ўсиб, корхоналар айланма маблағларининг қайтарилишини таъминлаган.
LiveБарчаси