Ўт очишни тўхтатишни сўраётганлар 30 йил аввал қаерда эди? – Хулуси Акар
Олам
−
28 Сентябрь 2020
16105Озарбайжон ва Арманистон ўртасида бошланган қуролли тўқнашувга бутун дунё ташвиш билдириб турган бир вақтда Туркия Тоғли Қорабоғ тупроқлари Озарбайжоннинг тарихий мулки эканини қайд этиб, Бакуни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашини, керак бўлса, ҳарбий жиҳатдан ёрдам бершини маълум қилмоқда.
Туркия Миллий мудофаа вазири Хулуси Акар мазкур масалада бир неча бор брифинг бериб, “бугун Озарбайжон ва Арманистонни муросага чақираётганлар 30 йил аввал қаерда эди?”, деган савол билан мурожаат қилди.
“Биз бир нарсанинг жавобини билишни истаймиз. Тинчлик ва барқарорлик истаганлар, ўт ўчишни тўхтатишни сўраётганлар, бугунга келиб музораларни эслаганлар Озарбайжон тупроқларининг 20 фоизи ишғол остида бўлганда, Хўжайлида минглаб одамлар, жумладан аёллар, болалар, кексалар ўлдирилганда, миллионлаб одамлар ўз уйларини, Ватанини ташлаб қочганда, умуман, 30 йил давомида қаерда эди?”, дейди Акар.
Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатга баҳо бераркан, “биз икки давлат – бир миллатмиз”, дейди вазир.
“Арманистон дарҳол ҳужумни тўхтатиши ва хориждан келтирилган ҳарбийларни чиқариб юбориши, Озарбайжон ерларини қайтариб бериши керак. Буларсиз тинчлик, ўт очишни тўхтатиш ва музокара қилиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас”, дейди Туркия Миллий мудофаа вазири.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда қуролли тўқнашувлар авж ола бошлагандан кейин Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, Туркия озар халқининг ёнида бўлишини маълум қилди.
Сўнгра Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга қўнғироқ қилиб, Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди ва вазиятдан ташвишдалигини билдирди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари кеча, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.