“Ўт билан ўйнашма!” Илҳом Алиев Арманистонни огоҳлантирди

Олам

image

Озарбайжон шаҳидларнинг қонини ерда қолдирмади. Шаҳид аскарнинг қони душманларга қимматга тушди ва улар буни унутмасликлари керак. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев маҳаллий телеканалга берган интервьюсида сўз очди. 

Журналист ундан август ойининг бошида Қорабоғда Арманистон қуролли кучлари томонидан содир этилган провокация ҳақидаги фикрини сўради. 

“Шаҳидимизнинг қони ерда қолмаганини ҳамма кўрди ва кўриши керак. Дарҳол “Қасос” операциясини ўтказдик, шаҳидимиз учун қасос олдик ва қарши томонни қаттиқ жазоладик. Бир неча соат давом этган “Қасос” операцияси жазо чораси эди. Озарбайжон шаҳидининг қони душманларга қимматга тушди ва улар буни унутмасликлари керак”, дейди Президент Алиев.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, агар Арманистон яна шундай провокация қиладиган бўлса, қақшатқич жавоб зарбалар олади. 

“Агар шунга ўхшаш провокация яна содир этилса, ўша жавоб келади ва бизни ҳеч ким тўхтата олмайди. Ўз заминимизда исталган вақтда исталган операцияни бажаришимиз мумкин. Шунчаки “Қасос” операциясининг қисқа вақтдаги максимал самарадорлиги кучимиз етарли экани, шу билан бирга биз янги урушни хоҳламаслигимизни кўрсатади”, дейди Илҳом Алиев. 

У сўзида давом этаркан, Баку Ереванни ўт билан ўйнашмаслик, ўзини яхши тутиш, янги воқеликларни қабул қилиш ва ҳарбий провокацияларга йўл қўймаслик ҳақида бир неча бор огоҳлантирганини урғулади. 

“Афсуски, бу сафар ҳам уларга сабоқ беришимиз керак эди. Умид қиламанки, энди улар буни унутишмайди. “Қасос” операциясидан мақсад фақат шаҳидимиз учун қасос олиш эмас эди. Мен Олий Бош Қўмондон сифатида ўз олдимга бошқа мақсад ва вазифаларни қўйган эдим ва уларнинг барчаси амалга ошди. Натижа эса маълум, бу ҳақда узоқ вақт гапиришни истамайман. Шунчаки шуни айтмоқчиманки, биз хоҳлаганимиздан кўра кўпроқ нарсани қилдик ва қарама-қарши томон буни яна бир бор қабул қилишга мажбур”. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 август куни расмий Баку Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига кучли ўт очгани, оқибатда қурбон берилгани, 14 киши жароҳатлангани ҳақида маълумот берган эди. 

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Қорабоғ

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made